Иш берувчи билан раҳбарнинг фарқи нимада?
Меҳнат Кодексининг 15-моддасига кўра қуйидагилар иш берувчилар бўлиши мумкин:
1) корхоналар, шу жумладан, уларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари ўз раҳбарлари тимсолида;
2) мулкдорнинг ўзи раҳбар бўлган хусусий корхоналар;
3) ўн саккиз ёшга тўлган айрим шахслар;
4) белгиланган тартибда ходимлар ёллайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар.
Корхоналар, шу жумладан, уларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари ўз раҳбарлари тимсолида ходимни ишга олади ва меҳнат шартномаси имзолайди. Демак, ходим раҳбар бўлиб турган Фалончиев билан эмас, корхона билан меҳнат шартномаси тузади. Шунинг учун шартномани раҳбар имзолагани билан корхона иш берувчи ҳисобланади.
Шунинг учун раҳбар атамаси билан иш берувчи атамасини адаштирмаслик керак. Вақти келиб раҳбар алмашганда ҳам ходим ва корхона ўртасидаги меҳнат шартномаси ўз кучида қолади. Ушбу модданинг қолган бандларида кўрсатилган шахслар иш берувчи ҳисобланади ва ўз номидан шартнома имзолайди.
Азизбек ВАҲОБОВ,
Самарқанд вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи ўринбосари.