“Ишбилармон аёл” қандай бўлиши керак?

O‘zLiDeP ташаббуси билан ўтказилаётган танловда шу саволга ойдинлик киритилмоқда.

Танловнинг вилоят босқичида туман ва шаҳар босқичларида иштирок этган 370 нафар тадбиркор, фермер, ҳунарманд, ишлаб чиқариш соҳаси вакилларидан 16 нафари ўз имкониятларини яна бир бор синовдан ўтказди.

Бу жараёнда иштирокчи хотин-қизларнинг замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали янги иш ўрини яратгани, экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқаргани, аҳолига хизмат кўрсатишни қай даражада йўлга қўйгани, партия томонидан ташкил этилаётган тадбирлардаги фаоллиги, ўз фаолиятида учраётган тўсиқ ва ғовларни қай даражада бартараф эта олаётганига эътибор қаратилди.

- Бугун вилоятда 22 мингдан ортиқ киши тадбиркорлик билан шуғулланаётган бўлса, уларнинг 3 мингга яқини хотин-қизлардир, - дейди O‘zLiDeP Самарқанд вилояти кенгаши аёлларнинг сиёсий фаоллигини, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш  бўлими бошлиғи М.Чулиева. –“Ишбилармон аёл” кўрик-танлови улар сафини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Негаки, танлов орқали янги-янги лойиҳалар амалиётга татбиқ этилиб, аҳоли фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган шижоатли, ташаббускор хотин-қизлар кашф этилмоқда. Шу орқали замонавий ишбилармон аёллар қиёфаси яратиляпти.

Танлов ҳайъати якуний хулосасига кўра, 1-ўринни Ургут тумани “Давлатбек нурли даласи” фермер хўжалиги раҳбари Муқаддас Абдуллаева эгаллади. 2-ўрин Қўшработ тумани “Қўрғон жилваси” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Роҳила Неъматовага, 3-ўрин Нарпай тумани ”Юлдуз савдо” хусусий корхонаси раҳбари, “Оқтош кўзмунчоқлари” нодавлат нотижорат мактабгача таълим ташкилоти мудираси Шоира Турдибоевага насиб этди.

- Бугунги кунда 55 нафар хотин-қизлар билан ишлаб чиқараётган кондетер маҳсулотларимизни хорижий давлатларга ҳам экспорт қиламиз, -дейди тадбиркор Муқаддас Абдуллаева. – Бундан ташқари, 16 гектар ерга интенсив узумзор, ғалла, тамаки, сабзавот экинлари, олмазорлардан юқори ҳосил олиш билан бир қаторда, банкдан 500 миллион сўм кредит олиб, интенсив узумзорларни кенгайтириш, иссиқхонада мева-сабзавот етиштириш чораларини кўряпмиз. Қолаверса, шпалер, сим тўқима ишлаб чиқаришни йўлга қўймокдамиз. Янги лойиҳа ҳисобидан яна 10 нафар фуқаро иш билан таъминланиши кўзда тутилган.

Танлов ғолиблари партия вилоят кенгаши томонидан муносиб тақдирланди. Улар республика босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилади.

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши ахборот хизмати.