Ишончли вакил Паст Дарғом тумани сайловчилари билан учрашди

Паст Дарғом туманида Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг ишончли вакили, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилояти Кенгаши раиси Бадриддин Насриев туман сайловчилари билан учрашув ўтказди.

Учрашувда туман маҳаллалари раислари, таълим ва соғлиқни сақлаш тизими ходимлари, ёшлар етакчилари, ташкилот ҳамда муассаса раҳбарлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Йиғилганларга Б.Насриев Президентликка номзод М.Ворисованинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди. Дастурда белгилаб олинган устувор йўналишларнинг мамлакат ва халқ тақдиридаги аҳамияти ҳақида тушунчалар берди.

Шунингдек, оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларни ижтимоий турар жойлар билан таъминлаш, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизимини жорий этиш, асосий озиқ-овқатлар нархларини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш, қишлоқларга саноатни олиб кириш Сайловолди дастурдаги асосий йўналишлардан эканлиги таъкидланди.

Учрашувда сўзга чиққан халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Нозим Алиев, депутат Фотима Исламова, Аминжон Ғаффоровлар номзоднинг Сайловолди дастурида кўрсатиб ўтилган йўналишлари бўйича барча ташаббусларини қўллаб-қувватладилар.

Сайловчилар томонидан номзоднинг ишончли вакилига берилган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди. 

Худди шундай учрашувлар вилоятнинг бошқа туманларида давом этмоқда.

ХДП вилоят Кенгаши ахборот хизмати.