Ишончли вакил "Ургут" эркин иқтисодий зонасида сайловчилар билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Ш.Мирзиёевнинг Самарқанд вилояти бўйича ишончли вакили Рустам Холмуродов "Ургут" эркин иқтисодий зонасида сайловчилар билан учрашди.
Тадбирда дастлаб ишончли вакил номзоднинг таржимаи ҳоли ва сиёсий фаолияти ҳақида гапирди. Сўнгра ўтган 5 йилда мамлакатимизда Шавкат Мирзиёев томонидан таълим, саноат, иқтисодиёт, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги соҳаси ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича олиб борган ислоҳотлар натижаси улароқ бугун Самарқанд тадбиркорлар юртига айланиб бораётганлигини алоҳида эътироф этди.
- Бугун вилоятимизда тадбиркорлар сони 3-4 баробарга ортган, - деди Р.Холмуродов. – Бу, албатта, юртимизда ишбилармонларга яратилган имкониятлар самараси. Тадбиркор кўпайса, ишчи ўрни кўпаяди. Ишчи ўрни кўпайса, халқимизнинг яшаш сифати ортиб бораверади. Шавкат Мирзиёев келгуси 5 йилга мўлжалланган дастурида ҳам Самарқандда 450 мингта иш ўрни яратиш орқали камбағалликни 2 баробарга қисқартириш энг устувор вазифа қилиб белгиланган. Яъни, келгуси беш йилда ялпи ҳудудий маҳсулотни 1,4 бараварга ошириб, 90 триллион сўмга етказиш асосий мақсадимиз ҳисобланади. Бунинг учун, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш орқали 130 мингта иш ўринлари яратилади. Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида вилоятга ҳар йили қарийб 1 триллион сўм имтиёзли кредит ажратилади.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ўтган 5 йилда ҳаётида туб бурилиш ясаган ислоҳотлар ҳақида гапириб, O’zLiDePдан кўрсатилган номзоднинг дастури Ўзбекистоннинг жадал ривожланишига хизмат қилишини эътироф этган ҳолда келажак учун Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини билдирдилар.
O’zLiDeP Самарқанд вилояти Кенгаши ахборот хизмати.