Иштихон туманида мактабгача таълим ташкилотлари ходимларига 80 миллион сўмдан кўпроқ иш ҳақи нега тўланмаган?
Жорий йилнинг июнь-июль ойларида Иштихон тумани мактабгача таълим тизимидаги ташкилотларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти, хусусан меҳнат конунчилигига риоя қилиниши юзасидан мониторинг ўтказилганда бир қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги аниқланди.
Хусусан, 10-мактабгача таълим ташкилотида С.Носирова, О.Имамова, Р.Журақулова, И.Ғаниева ва бошқалар дастлаб 2018-2019 йиллар учун асосий меҳнат таътили, таътил тугагандан сўнг эса ўз ҳисобларидан иш ҳақи тўланмайдиган меҳнат таътилига чиқарилган. Бироқ ходимлардан ўз ҳисобидан, иш ҳақи тўланмайдиган меҳнат таътилига чиқиш ҳақидаги аризалар олинмаган бўлса-да, буйруқлар чиқарилган.
Меҳнат кодексида ходимнинг айбисиз бекор туриб қолган даврда унинг ўртача иш ҳақи сақланиши ва тўлаб берилиши белгиланган. Шунга қарамай туман мактабгача таълим ташкилоти томонидан 2019 йил август ойидан 2019 йил декабрь ойига қадар 10 МТТ таъмирга тушганлиги, фаолият юритмаганлиги важи билан 32 нафар ходимнинг 80 миллион 524 сўм иш ҳақлари тўлаб берилмаган.
Мазкур ҳолат бўйича туман адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судига даъво аризаси киритилиб, суд буйруқлари чиқарилиши таъминланди.
20-сонли мактабгача таълим ташкилотининг 2019 йил 22 октябрдаги 74 сонли буйруғи билан ташкилот ўриндош тарбиячиси С.Рахмоновага ташкилот ички меҳнат қоидаларига, ижро интизомига риоя қилинмаганлиги учун Меҳнат кодексининг 181-моддасига 1-бандига асосан “хайфсан” интизомий жазоси берилган.
Буйруқ чиқарилишига ва ходимга интизомий жазо қўлланишига тарбиячи С.Рахмонова 2019 йил 16 сентябрь куни тўгарак машғулотига тайёр эмаслиги асос қилиб олинган ва ходимнинг тушунтириш хати ҳамда касаба уюшмаси қарори илова қилинган.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексига кўра, иш берувчи томонидан интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилиши, интизомий жазо берилгани тўғрисидаги буйруқ (фармойиш) ёки қарор ходимга маълум қилиниб, тилхат олиниши лозимлиги қайд этилган.
Бироқ С.Рахмоновага жазо ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин 36 кундан сўнг қўлланилиб, у буйруқ билан таништирилмаган ва тилхат олинмаган.
Шундан сўнг, ташкилотнинг 2019 йил 26 октябрдаги буйруғи билан С.Рахмонова билан бўлган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан ходимнинг ички меҳнат интизомига риоя қилмаганлик важи билан бекор қилинган.
Аммо буйруқ асослантирилмаган, меҳнат шартномаси бекор қилинишида ташкилот касаба уюшмаси розилиги олинмаган. Ўз навбатида С.Рахмоновага меҳнат дафтарчаси ва ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ нусхаси берилмасдан қонун хужжатлари талаблари бузилган.
Шунингдек, М.Жаббарова, С.Сирожова ва Ш.Махаматовага 2019 йил 18 октябрдаги буйруқлар билан интизомий жазо чоралари қўлланилган бўлса-да, ходимлар буйруқлар билан таништирилмаган ва улардан жазо қўлланиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан тушунтириш хатлари олинмаган.
Бундан ташқари, ташкилот ҳовли супурувчиси С.Мустафаева 2020 йил 3 февралдан икки ой муддатга ўз ҳисобидан, иш ҳақи тўланмайдиган меҳнат таътилига чиққан бўлсада, унинг ишга чиқишга рухсат бериш ҳақидаги буйруқ чиқарилмасдан, таътилда бўлган ходимга 2020 йил 18 мартдаги буйруқ билан иккинчи марта меҳнат таътили берилган.
Ташкилотда бир штат бирлигида инглиз тили ўқитувчиси бўлиб келган Д.Хамидованинг розилиги олинмасдан, меҳнат шартномасига ўзгартириш киритиш ҳақидаги буйруқ чиқарилмаган ҳолда буйруқ билан 0,5 штат бирлиги инглиз ўқитувчиси М.Шамсиевага олиб берилган.
Мониторинг натижасида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 2 нафар мансабдор шахс маъмурий жарима жазосига, 1 нафар шахс интизомий жазога тортилди. 26 нафар мансабдор шахслар қонун ҳужжатлари талаблари бузилмаслиги ҳақида расмий огоҳлантирилди, туман мактабгача таълим бўлимига 1 та тақдимнома киритилди.
Б.Боймурадов,
Иштихон тумани адлия бўлими бошлиғи.