Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иштихонлик отахонлар енгни шимариб пахта теришга киришди

Иштихон туманининг Йуғонтепа маҳалласида яшовчи 12 нафар нуроний отахонлар пахта мавсумида хирмонга ҳисса қўшиш мақсадида енг шимариб, теримга киришиб кетди. 

Терим бошланган кунда фермер ва теримчиларга “ҳорманглар”, дея уларнинг ишларига омад тилаб, дуо қилиш истагида пахта даласига чиққан бу нуронийлар ғайратлари жўшиб, ёшларга ўрнак бўлиш, теримчиларни руҳлантириш мақсадида пахта теришни бошлаб юборишди. Уларнинг ёши олтмиш, етмишдан ошган бўлишига қарамай бир кунда 30-40 килограмм атрофида пахта термоқда.

– Қишлоғимиз отахонларининг кўпчилиги деҳқон бўлган, - дейди 65 ёшли Ашир бобо Холмуродов. – Жорий йилда пахтадан зўр ҳосил етиштирилди, аммо об-ҳавонинг инжиқлиги сабаб терим мавсуми бир оз кечикди. Бизнинг мақсадимиз шу ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олишда оз бўлса ҳам ўз ҳиссамизни қўшиш. Бундан ташқари, жисмоний меҳнат саломатлигимиз учун ҳам муҳим. 

Иштихон туман ҳокимлиги ахборот хизмати.