Жамоатчилик назорати, биз уни қандай ўзлаштирамиз?
Янги Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларимиз кундан кунга теранлашиб, ёрқинлашиб бораяпти. Ҳар бир соҳа ходими, ҳар бир фуқаро ўз соҳаси ва ҳаётида бўлаётган ўзгаришларни сеза бошлади. Аслида янги Ўзбекистон ғоясининг моҳияти оддий: инсон ўзини-ўзи, жамиятни эса унинг аъзолари бошқариши керак. Бошқариш эса жамиятнинг оғир-енгили, увол-савобини зиммага олиш дегани. Давлатимиз раҳбарининг “Энди ислоҳотлар ташаббускори давлат эмас, жамият бўлади, раҳбарлар фаолиятига халқ баҳо беради” деганда ана шу шиорни назарда тутган.
Жамиятни бошқариш давр талаби бўлиб, унга шаклланадиган жараён, яъни бунинг учун муайян ижтимоий тартиб юзага келиши зарур. Ижтимоий тартиб ўрнатишнинг ижтимоий регуляторлари бор: бири – ҳуқуқ, иккинчиси – ахлоқ. Одамлар ўртасидаги муносабатлар ана шу икки омилга риоя этиш билан белгиланади.
Ижтимоий тартиб инсоният учун қанчалик муҳим бўлмасин, уни таъминлаш муаммо бўлиб қолмоқда. Шунинг учун барча вақтларда донишмандлар “Қандай қилсак жамиятда тартиб бўлади?” деган саволнинг жавобини топишга ҳаракат қилишган. Буюк юнон файласуфи Платон ўзининг “Давлат” асарида ушбу саволнинг жавобини қидириб, жамиятда тартиб бўлиши учун жамиятни интеллектуал элита бошқариши керак, деган. Аристотель эса “Сиёсат” асарида “Жамиятда тартиб бўлиши учун унда ўрта синф кучли бўлиши керак”, деб ёзади. Шарқ донишмандлари ушбу савол жавобини маънавий юксакликда кўришган. Конфуций таълимотида ҳам, Абу Наср Фаробий асарларида ҳам ижтимоий тартибнинг ўрнатилиши маънавий юксаклик билан боғлиқликда кўрилган. Инсониятнинг ижтимоий тартибни ўрнатиш борасидаги ҳаракатларига қарамасдан ушбу муаммо ҳали-ҳануз ўз ечимини топа олгани йўқ.
Бунинг сабаби, бизнинг назаримизда, назорат фаолиятининг самарасизлиги билан боғлиқ бўлмоқда. Назорат тизими ҳуқуқ ва ахлоқ меъёрлари бузилганда жазонинг муқаррарлигини таъминлашга қодир эмаслигида. Бунинг сабаби эса ҳуқуқ ва ахлоқ меъёрларини бузган одамда пора бериб жазодан қутулиб қолиш, назоратни амалга ошираётган субъектларга эса пора бериш имкониятининг борлиги. Демак, ижтимоий тартибнинг барқарорлигини таъминлашда асосий тўсиқ порахўрлик, яъни коррупция иллати бўлмоқда. Бунинг сабаби, назорат тизимида қуйидан амалга ошириладиган жамият назоратининг заифлигида, заифлик боиси эса жамиятда назорат фаолиятига доир билим етарли эмаслигида.
Ана шу жиҳатдан олганда Самарқанд давлат университетида ижтимоий назорат фанидан дарслик яратилганини ва қарийб ўн йилдан буён олийгоҳда бу фандан таълим берилаётганини маъқул иш деб, профессор Ф. Набиевнинг бу мавзудаги маърузалари жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинганига гувоҳман.
Назорат тизими коррупцияни тўхтатишга қодир эмаслигининг сабабларидан яна бири жамиятдаги бефарқлик кайфияти ҳисобланади. Дарсликда назорат фаолиятини самарали бўлишига хизмат қиладиган бефарқликни жиловлаб дахлдорлик ҳиссини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Дарслик назорат тизимини самарали қилишга тўсиқ бўлган ҳар иккала сабабни, яъни назорат фаолиятига доир билимнинг етарли эмаслигини ва бефарқлик кайфиятини жиловлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Узоқ йиллар давомида ижтимоий тартибнинг ўрнатилиши давлат назоратига боғлиқ деб ҳисоблаб келинди. Лекин тарих шундан гувоҳлик бермоқдаки фақат давлат назорати билан ижтимоий тартибни ўрнатиб бўлмайди. Буни шўролар мамлакати раҳбарияти ҳам англаб, жамият назоратини ташкил қилиш учун 1979 йилда “Халқ назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилган эди. Лекин бу қонун асосида ташкил топган Халқ назорати комитетлари жамият назоратини ташкил қила олмадилар. Чунки ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш учун ўша фаолиятга доир билим керак бўлади. Шўролар замонида эса халқда назоратга доир билим етарли эмас, чунки бундай билимни берадиган фанлар ўқитилмас эди. Бугунги кунда ҳам жамиятга назорат фаолиятига доир билимни тўла тарзда берадиган фан ўқитилмайди. Бундай билимни ижтимоий назорат фани бера олади.
Ижтимоий тартибни ўрнатилишида назорат фаолиятига доир билим билан биргаликда бефарқлик кайфияти жиловланиб, дахлдорлик ҳиссининг шаклланганлиги ҳам талаб қилинади. Назоратга доир билим қанчалик муҳим бўлмасин, бефарқлик кайфияти бўлган ҳолда назорат фаолияти самарали ишламайди. Чунки бефарқ одамнинг миясидаги назорат фаолиятига доир билим амалиётга тадбиқ қилинмай қолиб кетади. Бефарқликни жиловлаб, дахлдорлик ҳиссини шакллантириш киши маънавиятини юксалтириш билан боғлиқ жараёндир. Дарсликнинг аҳамияти шундаки, унда маънавиятни юксалтиришга хизмат қиладиган йўналишлар, ғоялар ҳам мужассамлашган.
Ижтимоий назорат фани берадиган билимларни жамиятга кенг тарғиб қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаси. Чунки у берадиган ижтимоий тартибдан давлат ва жамият бир хил манфаатдордир. Ушбу қўлланмани амалиётга тадбиқ этиш мамлакатимизда адолатли ижтимоий тартибни ўрнатишга қодир бўлган назорат тизимини шакллантиришда ўзини муносиб ўрнига эга бўлишига ишонаман. Шунинг баробарида Олий таълим вазирлиги ва ОТМ раҳбарларига ушбу янги фанни барча олийгоҳларда жорий этишни таклиф этаман. Зеро, давлатимиз раҳбари айтганидек, “Кучли фуқаролик жамияти барпо этишда жамоатчилик назоратини тизимли йўлга қўйиш энг мақбул йўлдир. Бу – жаҳон тажрибасида синовдан ўтган йўл.
Ўзбекистон халқига мурожаат қилиб айтмоқчиман: демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир”.
Фармон ТОШЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.