Жамоатчилик назорати қандай бўлиши керак?
Жамиятда жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳақида кўп гапирилмоқда. Давлат, парламент даражасида тегишли қарорлар қабул қилинган, тавсиялар ишлаб чиқилган. Улар асосида халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари, маҳаллалар ҳузурида жамоатчилик назорати кенгашлари тузилган. Аммо, амалда бу тузилмалар кутилган натижаларни бермаяпти. Негаки, жамоатчилик назоратининг мазмун-моҳияти тўғрисида ҳали тасаввурларимиз жуда саёз. У қуйидан, фуқаролар томонидан амалга оширилади. Лекин ушбу назоратни фақат катта-кичик мансабдор шахслар, маҳаллий ҳокимият, ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари, ходимлари фаолияти устидан назорат деб тушунмаслик керак.
Жамиятда тартиб-интизомга риоя қилиш, қонунларга ҳурмат ва итоат этиш ҳар бир фуқаронинг бурчи. Бу масъулият, аввало, ҳар бир шахснинг ички интизомидан иборат ва у болаликдан шаклланиши лозим. Шахс агар уйда, ишда ички тартиб интизомга ўрганган бўлса, жамиятда ҳам иллатлар, нуқсон ва камчиликларга лоқайд қараб туролмайди. Уларни бартараф этишда ўзининг ҳам бурчли эканлигини ҳис этади.
Ҳокимият, у ёки бу соҳага мутасадди ташкилотлар арзимизга қулоқ тутмаяпти, сув, газ, электр йўқ, йўл бузуқ деб шикоят қилиш билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Жамоатчилик бу ҳақда тегишли ташкилотларга мурожаат қилгач, нима бўлишини кутиб ўтирмай ижро назоратини зиммасига олиши, зарур бўлса ўз назорат кенгаши орқали муаммоларни Олий Мажлис, маҳаллий кенгашлар сессиялари муҳокамасига киритилишига эришиши лозим.
Жамоатчилик назоратининг талаб даражасида шаклланишида фуқароларнинг ҳуқуқий, ўзаро ҳурмат, муомала маданияти муҳим ўрин тутади. Афсуски, бу борада ҳам мақтана олмаймиз.
- Ўтган йили Германияда сафарда бўлгандим, - дейди тадбиркор танишим. - Немисларнинг саранжом-саришталиги ҳайрон қолдирди. Кўчалар тоза, сигарета, полиэтилен плёнка, бакалашка ва бошқа чиқиндиларни кўрмайсиз. Бу тартибга риоя қилмаганларни полиция эмас, фуқароларнинг ўзи тўхтатиб танбеҳ беради. Тартиббузар эса танбеҳ берган кишидан узр сўраб хатосини тузатади. Автомобилларни қонун-қоидага риоя этиб, ҳаракатланишига ҳам ҳавасингиз келади. Ҳовлиқиб тезликни ошириш, бошқа ҳайдовчиларга, пиёда йўловчиларга ҳурматсизлик, ҳақоратлаш йўқ. Светофор чироғида тўхтаганда сигнал бериш тақиқланган. Ҳайдовчилар бир-бирига бақириб-чақирмайди.
Бизда эса бундай инсоний фазилатлар, ўзаро назорат, ҳурмат ҳақида ҳеч ким ўйламайди ҳам. Кўчадан бехосдан туртиниб кетсангиз одоб билан “узр” ёки “кечирасиз” демаймиз. Аксинча “ҳой, кўрмисан, кўзингга қараб юрсанг бўлмайдими?” деб ўшқирамиз. Светофор чироғига тўхтаган автомашиналар ҳайдовчилари йўловчилар асабини бузиб, сигнал бериши, бир-бирига қўл силкитиб ўдағайлашларини айтмаса ҳам бўлади. Шаҳар кўчаларининг ободонлаштириш бошқармаси ходимлари меҳнатлари билан эрталабки озодалигидан кундузи асар ҳам қолмайди. Йўл четлари, ариқлар фаросатсиз йўловчилар ташлаган турли чиқитлар билан тўлиб кетади. Буни кўрганда бирортамиз қоидабузарларни тартибга чақиришни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Келтирсак ҳам ҳақоратланиб қолмаслик учун индамаймиз, “ана ички ишлар ходимлари, йўл назоратчилари бор, ўшалар қарасин!” деб қўяқоламиз. Ўта андишали халқмиз. Андишани қўрқоқликка йўювчи кимсалар эса тартиб, ҳуқуқбузарликда давом этаверади. Мисол учун, қўни-қўшни уйини таъмирлайман деб кўчага тўккан қум-шағал, тупроқ баъзан йиллаб ҳаракатга тўсқинлик қилиб уюлиб ётади бу ҳақда уларга эслатишга ёки чора сўраб маҳаллага арз қилишга андишага борамиз. Ёки тўй-томоша, кўча-кўй, бозор-учарда айримлар ёқалашиб кетса, кўрмаганга оламиз. “Участка нозири, маҳалла оқсоқоли нега қарамайди?” деб нолиб қўямиз. Кўприк бузилиб, йўл вайрон бўлиб ётса, қишлоқ сувсиз, электрсиз қолган бўлса, “давлат қарамаяпти, ҳокимият ишламаяпти” деб айюҳаннос соламиз. Ўзимиз-чи? Нега жиммиз, нега лоқайдмиз? Муаммони ҳал этишда биргаликда ҳаракат қилмаймиз. Кимдир келиб, ҳал қилиб беришини кутамиз. Жамоатчилик назорати дегани нуқсонлар, камчиликлар, иллатларни бартараф этиши учун тегишли мутасадди ташкилотларни хабардор қилиш билан бирга уларга барҳам беришда фуқароларнинг ҳам фаол иштироки дегани. Айниқса, жам оатчилик назорати бугунги пандемия пайтида жуда муҳим.
Агар фуқаролар жамият ҳаётида фаол бўлмаса, тартиб-интизом, қонун-қоидаларни назорат қилиш фақат давлат органларининг иши деб ўйласа, тараққиётга ғов бўлаётган коррупция, порахўрлик, бюрократик сансалорлик, лоқайдлик, масъулиятсизлик ҳеч қачон барҳам топмайди.
Жамиятда фаол фуқаролик позицияси ҳақида гап кетганда, андиша, менга дахли йўқ, оч қорним, тинч қулоғим деган лоқайдлик кетмайди. Жамиятнинг барча аъзолари ҳаётлари фаровон бўлиши учун ўзларини бирдек масъул деб билсаларгина барпо этилаётган эркин ва демократик давлат пойдевори янада мустаҳкам бўлади.
Тоғаймурод Шомуродов.