Жанубий Кореяга бориб келган Пайариқ тумани ҳокими ҳудудга янгиликлар киритдими?
Жорий йилнинг 29-31 май кунлари вилоят ҳокими Э.Турдимов бошчилигида вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, туман ҳокимлари, ташкилот раҳбарлари ҳамда тадбиркорлардан иборат делегация Жанубий Корея давлатида бўлиб қайтди.
Жумладан, Пайариқ тумани ҳокими ва туман тадбиркорлари ҳам Корея давлатига бориб ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция жалб этиш, қўшма корхоналар ташкил этиш борасида бир қатор келишувларга эришди. Туман ҳокими Дилшод Мусинов билан туманда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар, маҳсулотни қайта ишлаш, экспорт имкониятлари ва тумандаги ўзгаришлар хусусида суҳбатлашдик.
- Аввало, Корея давлатига амалга оширилган ташриф ва ундан кўзланган мақсад, эришилган келишувлар ҳақида тўхталсангиз?
- Корея дунёнинг энг иқтисодий ривожланган, саноат ишлаб чиқариш соҳалари бўйича етакчи давлатларидан бири ҳисобланади. Уч кунлик ташриф давомида Кореянинг Сеул, Инчхон ва Чунгбук ҳудудларида бўлиб, у ердаги иқтисодий зоналар фаолияти билан танишдик ҳамда давлат тадбиркорларининг бизнес-форуми, тақдимотлар ва учрашувларда қатнашдик. Тадбиркорларимиз тажриба алмашишди. Ташриф давомида туманимизда 100 гектар майдонда замонавий иссиқхона қуриш бўйича Жанубий Кореянинг “Мyung Sung Placon Ltd” билан умумий қиймати 50 миллион АҚШ долларлик меморандум имзоладик. “Doo Jin Corparation Co Ltd” компанияси билан туманимиздаги “Next Construktion” масъулияти чекланган жамияти ўртасида иссиқхона комплексини қуриш бўйича 6 миллион долларлик келишувга эришилди. Ушбу ташрифда келишилган 56 миллион долларлик 2 та лойиҳа 2019-2022 йилларда амалга оширилади.
- Ҳоким сифатида иш бошлаганингизга кўп бўлмади. Туман иқтисодини ривожлантириш учун қайси соҳаларга эътибор қаратяпсиз?
- Пайариқ аграр туманлардан бўлганлиги боис биринчи навбатда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, фермер хўжаликларини қисқа муддатда кластер тизимига ўтказиш, боғ ва токчиликни ривожлантириш, туманда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини шу ернинг ўзида қайта ишлашни йўлга қўйишни режалаштиряпмиз. Шунингдек, туманда тадбиркорликни ривожлантириш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳаларини амалга оширяпмиз.
Бундан ташқари, тумандаги энг долзарб бўлган ичимлик суви муаммоси, ички йўлларга тош ва асфальт ётқизиш, электр ҳамда газ таъминотидаги муаммоларни ҳал этиш борасида ишлар олиб борилмоқда.
- Пайариқ иқтисоди бироз оғирроқ туманлардан ҳисобланади. Туманни субвенциядан чиқариш, ишлаб чиқариш ва инвестиция оқимини кўпайтириш, иқтисодни ривожлантириш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда?
- Туманнинг катта қисми тоғ ва тоғолди ҳудуд бўлганлиги учун бу ер инфратузилма ва коммуникациядан олисда жойлашган. Бу эса ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳалар ривожига таъсир этмасдан қолмайди. Шундай бўлса-да, ҳолатни ўрганиб, тумандаги барча ижтимоий муаммолар ечимини фақат тадбиркорликни ривожлантириш орқали ечишимиз мумкин, деган хулосага келдик. Шу мақсадда бу йил туманимизда қарийб 300 миллиард сўм бўлган 40 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилади ва 650 дан зиёд янги иш ўрни яратилади. Ҳозиргача қиймати 5 миллиард сўмдан ортиқ 10 та лойиҳа ишга туширилди.
Хорижий сармоядорларнинг маблағи ҳисобидан яна 5 та лойиҳа ишга тушади ва унда 450 нафар аҳоли ишли бўлади. Йил якунига қадар Бунёдкор, Фидокор ва истиқлол маҳаллаларида 3 та тайёр тикув-трикотаж товарлари ишлаб чиқарувчи корхона 350 нафар ишчи билан замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бошлайди. Яна хитойлик тадбиркорларнинг 3 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестицияси асосида Полвонариқ маҳалласида йилига 30 миллион дона ғишт ишлаб чиқариш заводи қуриляпти. Ҳозиргача янги завод учун 540 миллион долларлик сармоя киритилди, йил якунигача яна шунча маблағ киритилиб, завод маҳсулот чиқара бошлайди ва жами 80 кишини доимий иш билан таъминлайди.
Ушбу суҳбатни тўлалигича ўқишни истасангиз, "Зарафшон" газетасини кузатиб боринг.
Газетада Пайариқ тумани ҳокими вилоят ҳокими ўтказаётган сайёр қабулларда энг кўп мурожаат ушбу тумандан кузатилгани ва бунинг сабаблари, мурожаатлар ижроси қай даражада ечилаётгани, секторлар томонидан уйма-уй юриб ўрганишлар натижаси, уларнинг мурожаатлари ва муаммолари асосан нималарда намоён бўлаётгани каби саволларга ҳам жавоб беради.