Жанубий ва Шимолий Корея раҳбарлари шахсий мактублар алмашишди
Жанубий Корея ва Шимолий Корея етакчилари Мун Чжэ Ин ва Ким Чен Ин ишонч белгиси сифатида шахсий мактуб алмашишди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлигига (ЦТАК) таяниб, “РБК” хабар бермоқда.
Агентлик маълумотларига кўра, 20 апрель куни Жанубий Корея президенти Ким Чен Инга мактуб йўллаган, у эса эртаси куниёқ жавоб юборган. КХДР мактуб алмашишни “чуқур ишонч белгиси” деб атади ҳамда Шимол ва Жануб ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига умид билдирди.
Хабарларга кўра, Мун Чжэ Ин ўз мактубида лавозимидан кетганидан кейин ҳам Жанубий Корея ва КХДР қайта бирлашиш учун “пойдевор” яратиш бўйича қўшма баёнотлар бериш истагини билдирган. Ким Чен Ин бунга жавобан Муннинг “миллатнинг буюк иши” учун сарфлаган “азоб ва саъй-ҳаракатларини” олқишлади.
Аввалроқ КХДР Меҳнат партияси марказий қўмитасининг пропаганда ва ташвиқот департаменти директори ўринбосари ва мамлакат раҳбарининг синглиси Ким Ё Чжон Шимолий Корея Жанубий Кореяга биринчи бўлиб ҳужум қилмаслиги, аммо Сеул "ҳарбий қарама-қаршилик"ка киришса, ядро қуролидан фойдаланишини маълум қилган эди.