Жомбой тумани хотин-қизлар қўмитасига раис тайинланди

Жомбой тумани ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитасининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилди.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Гавҳар Алимова аёлларнинг ижтимоий турмуш даражасини ошириш, бандлигини таъминлаш, оилаларда маънавий муҳитни яхшилаш борасида тумандаги вазиятга тўхталди. Ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилинди.

Жамоатчилик вакиллари, маҳалла фахрийлари ҳамда фаол аёллар иштирок этган тадбирда ташкилий масала ҳам кўрилди.

– Жомбой тумани хотин-қизлар қўмитасига шу пайтга қадар катта тажриба эгаси Ҳ.Ўсарова раҳбарлик қилиб келди, – деди Г.Алимова. – Бу муддатда аёллар муаммосини ҳал этиш борасида туман вилоятда етакчи бўлгани рост. Бугун у кишини нафақага кузатяпмиз. Аммо у маслаҳатлари билан бизга кўмак беришда давом этади. Ишонамизки, янги раҳбар нафақат яхши анъаналарни давом эттиради, балки янада халққа яқин бўлиб, аёллар билан боғлиқ муаммоларга туманнинг ўзида, тезкорлик билан ечим топади.

Бошқарув кенгаши қарори билан қўмита раиси лавозимига Юсупова Зарифа Абдусаломовна Жомбой тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига тайинланди.

З.Юсупова бунгача туман “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари вазифасида фаолият юритган.