Жомбой туманининг Хитойбола қишлоғидан 1700 йиллик кўзалар топилди
Бир неча йил аввал туманнинг Ногаҳон қишлоғида қадимий тангалар, кулолчилик намуналари қайд этилган эди. Яқинда Хитойбола қишлоғида шу каби ҳолат кузатилди. Дала майдонидан топиб олинган кўза парчалари милодий III-IV асрларга оидлиги айтилмоқда.
Маълум бўлишича, ҳозирда фермер хўжалигига тегишли бўлган ер майдони ўрнида қачонлардир кўҳна тепаликлар бўлган. Собиқ тузум даврида пахта сиёсати сабаб текисланиб, экин майдонларига қўшиб юборилган. Фермер хўжалиги ишчилари ғалла суғориш жараёнида ер сатҳига чиқиб қолган сопол парчаларини кўриб қолишади. Қишлоқ зиёлиларининг саъй-ҳаракати билан археологлар жалб этилиб, ҳудудда қисқа ўрганиш ўтказилди.
– Хитойболада аниқланган сопол парчалари ва инсон суяги қолдиғи кўздан кечирилди, дастлабки хулосалар милоднинг илк асрларига тегишлилигидан дарак беряпти, – дейди Миллий археология маркази илмий ходими С.Хўжамов. – Ўша давр одамларининг урф-одатларига назар солсак, жасадни озиқ-овқат ва моддий бойликлар билан дафн этишганини кўрамиз. Қолаверса, кўза парчасининг ясалиш услуби ҳам милодий III-IV асрларга тааллуқли. Бу бошланғич хулоса, ҳудуд жиддий тадқиқ этилиши керак.
Дарҳақиқат, юртимиздаги кўпгина тарихий манзиллар ҳанузгача ўрганилгани йўқ. Афсуски, бир вақтлар ўн беш мингтадан ортиқ бўлган катта-кичик тепаликлар тобора нураб, йўқлик сари юз тутмоқда. Айримлари “тадбиркор”лар томонидан эгаллаб олинаётгани ачинарлидир. Шу ерлик меҳнат фахрийси Раббимқул Исломовнинг айтишича, Хитойбола қишлоғининг ўзида қачонлардир ўнлаб қадимий тепаликлар бўлган. Бугунгача сақланиб қолганлари ҳам оғир аҳволда.
Ўйлаймизки, миллат тарихини сақлаб қолиш, ўрганиш, келажак авлодга етказиш учун масъул бўлган соҳа вакиллари бу борада зарур чоралар кўради.
Дилмурод Маҳрамов,
“Адолат” социал-демократик партияси Жомбой тумани кенгаши “Ёшлар қаноти” раиси.