Жомбойда депутат сўровига лоқайд раҳбарнинг иши судда кўрилди
Сиёсий партия ва депутатларнинг ҳисоботига ҳеч кўзингиз тушганми? Ижтимоий тармоқда шундай партиянинг чораклик ҳисоботи берилган экан. Уч ой давомида 200 та депутатлик сўрови жавобсиз қолгани қайд этилибди.
Қонунга риоя этмаган мансабдор шахсларга қандай чора кўрилгани эса айтилмаган. Негадир, бу суд амалиётида ҳам кам учрайди. Аммо яқинда Жомбой туманида шундай ҳолат юз берди. Лоқайд раҳбарнинг иши судда кўрилди.
Депутат ҳам халқ манфаатини ўйлаб иш юритади. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини англайди. Кези келганда, мансабдор шахсга сўров юборади. Шу орқали муаммоларга ечим излайди. Демак, раҳбар ҳам унинг мурожаатини эътиборсиз қолдириши, ваколати доирасида тушунтириш бермаслиги мумкин эмас.
Яна бир гап. Бундай мурожаатлар амалдаги қонунларга асосланиб ўрганилмайди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва депутатлик мақомига оид қонунлар асосида тартибга солинади.
Мансабдор шахс депутатлик сўровини олгач, ўн кундан кечиктирмай жавоб юбориши лозим. Йўқса, бундай хатти-ҳаракат сенатор ва депутат фаолиятига тўсқинлик, деб баҳоланиши мумкин.
Афсуски, туман ветеринария бўлими раҳбари шуни вақтида англаб етмади. Халқ демократик партиясининг туман кенгаши депутати юборган сўровни жавобсиз қолдирди.
Мурожаатда кўтарилган масала, берилган саволлар билан танишдик. Унда аҳолини қийнаб келаётган долзарб муаммо кўтарилган. Депутат мурожаатлар билан ишлаган. Аммо тизимдаги тартибсизлик соҳага бевосита алоқадор раҳбарни қизиқтирмабди. Йўқса, иш ҳажми кўплигини рўкач қилиб, жавоб ёзишдан қочмаган бўларди.
Депутат халқ номидан иш кўради, дедик. Унинг таклиф ва ташаббуслари қоғозда қолиб кетар экан, жамиятда норозилик кайфияти шаклланади. Аҳолининг партия ва депутатлар фаолиятига ишонч ҳисси камайиб боради. Бу жамиятни инқирозга етаклаш билан баробар.
Аслида фуқаро ҳам, депутат ҳам халқнинг вакили. Уларнинг мурожаат ва ҳуқуқлари қонун ҳимоясида. Суд шуларни ҳисобга олиб, қарор чиқарди.
Ҳуқуқбузар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Аъламхон АКОБИРОВ,
Жомбой тумани прокурорининг катта ёрдамчиси.