Жомбойда карантин қоидаларини бузган 70 нафар фуқарога маъмурий чора кўрилди
Жомбой тумани бугунги кунда эпидемиологик нуқтаи назаридан хавф даражаси ўртача – “сариқ” тоифага киритилган.
Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, айни пайтда Тойлоқ, Ургут, Пайариқ ва Оқдарё туманлари ҳамда Самарқанд шаҳри билан туташ ҳудудлари, хусусан, Қарапчи, Олмазор, Нўш, Тут, Зарафшон маҳаллаларида кучайтирилган тартибли блок-постлар ташкил қилинган. Кириш-чиқиш чекланган алоҳида ҳудуд мавжуд эмас.
Зарафшон, Тут ҳамда Нўш маҳаллаларида доимий рўйхатда турган фуқароларда хасталик аниқланган. Улар республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳамширалари бўлган ва хасталик аниқланган вақтда туман ҳудудида бўлмаган. Оила аъзолари, яқин қариндошлари, қўшнилар тиббий кузатувга олинган. 14 кунлик карантин даврида уларнинг ҳеч бирида инфекция аниқланмаган.
Туман ҳудудида бир оиланинг 3 нафар аъзоси стационар карантинда сақланмоқда. Уй қўриқловига олинган фуқаролар мавжуд эмас.
Ҳозиргача 767 нафар жомбойлик тиббий текширувдан ўтказилган ва уларнинг 764 нафарида инфекция аниқланмаган. 3 нафар кузатувдаги шахснинг таҳлил натижаси кутилмоқда.
Жомбойлик бир нафар бемор хасталикдан соғайиб, бугунги кунда реабилитация марказига жойлаштирилган.
Шу пайтгача туман бўйича карантин қоидаларини бузган 70 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Туманга хориждан 12 нафар шахс кириб келган. Улар тўлиқ карантин муддатини ўтаган ва хасталик аломатлари аниқланмаган.