Жомбойлик деҳқон нега тумандаги ягона анжирзорни сақлаб қолиш учун курашмоқда?
Қанғли маҳалласида яшовчи Исомиддин Воҳидов икки гектардан ортиқ анжирзорни асраб қолиш учун йиллар давомида курашиб келади. Ким билан, нима учун, дейсизми?
Боғдорчиликнинг бу тармоғи кишидан сабр, куч ва машаққат талаб қилиши рост. Кузда тупроқ билан кўмиш, баҳорда устини очиб, яна текислаш, Жомбойнинг мўътадил иқлимига чап бериб, ҳосил олиш осон эмас. Ҳар ҳолда И.Воҳидов бу ишнинг уддасидан чиққан. Қаровсиз ерда анжирзор яратиб, сифатли маҳсулот олишга эришган. Аммо уни бошқа масала чўчитяпти.
Кичик анжирзорнинг катта ташвиши
Бир вақтлар боғни бузиб, ўрнига мош экмоқчи бўлишди. Салкам етти йиллик меҳнат завол топиш арафасида эди. Лекин соҳани яхши билган раҳбарлар жим қараб турмади. Боғнинг бир қисми сақлаб қолинди.
– Боғни бузамиз, деган гаплар етти йил тинчлик бермади, – дейди И.Воҳидов. – Меҳнати сингмаган кишига буни айтиш осон. Умримнинг ярми шу ерга сарф бўлди. Ҳосилга кириб, энди роҳатини кўриш фурсати келганда... Боғбонни тушуниш керак. Мана, Жомбойнинг анжирини турли вилоятлардан сўраб келадиган кун ҳам келар экан. Харидорлар июнь ойидан келишни бошлайди. Мақтаниш эмас, соҳада озми-кўп тажриба тўпладик. Ҳамон изланиб, янгилик яратсак, деймиз.
Анжирзорни кўздан кечирдик. Боғбон айтганидек, ҳадемай биринчи ҳосил териб олинади. 500 туп анжир ўтган йили 10 тонна ҳосил берибди. 30 миллиондан ортиқ даромад қилинган.
Бедаво дардга малҳам бўлди
– Ўтган йили қўшни тумандан излаб келишди, – дейди боғбон. – Бир аёлнинг фарзанди бетоб ётган экан. Дўхтирлар аниқ ташхис қўйишмабди. Табибларнинг тавсияси билан шу ерни топиб келган. Пишиб, эзилган анжирни дарахтдан узиб бердик. Шохидан синдириб олди. Орадан анча вақт ўтиб яна келди. Фарзанди соғайиб, оёққа турибди. Ибн Сино “Тиб қонунлари” китобида ҳам ёзиб қолдирган. Анжир шамоллаш, йўтал, саратон, жигар, ўпка яллиғланиши каби кўплаб хасталикларга шифо бўлади. Замонавий тиббиётда дамлама сифатида истеъмол қилиш тавсия этилади. “Жаннат меваси”, деб таъриф берилган ўсимликнинг биз билмаган яна қанча хислати бор? Буниси яратганга аён.
Дарахт устидаги тупроқ қатлами эрта баҳорда эҳтиёткорлик билан олинади. Новдасига шикаст етса, ҳосил бермаслиги мумкин. Кейин таги юмшатилиб, маҳаллий ўғит сепилади. Ўргимчаккана, ширинча ва бошқа касалликларга қарши кимёвий ишлов берилади. Тез-тез суғориб турилади. Қанча кўп сув ичса, меваси ширали ва тўйимли бўлади.
Боғбон яратган янги рецепт мўмай даромад келтириши мумкин
Анжирнинг мевасини сақлаб туриш қийин. Аммо ундан мураббо тайёрланса, даромад икки ҳисса бўлади. Дунё миқёсида ҳам етиштирилган ҳосилнинг 70-80 фоизи қайта ишланади. Буни бежизга айтмаяпмиз.
И.Воҳидов анжир мураббосини тайёрлаш бўйича махсус рецепт яратибди. Ўтган йили тайёрлаган мураббосини кўрсатди. Татиб кўрдик. Чиндан ҳам гапида жон борга ўхшайди. Мазаси ўзгача. Қайта ишланса ҳам шакли ва сифати йўқолмаган. Хушбўй ифори, таъми билан ажралиб турибди. Хуллас, янги маҳсулотни лаборатор шароитда ўрганиб, жамоатчиликка етказиш зарур.
Тўсиқлар қачон камаяди?
Жомбойнинг бошқа ҳудудида катта анжирзорлар учрамайди. Исомиддин ака дастлаб, беш гектар ерни обод қилиб, анжирзор яратган. Аммо турли йилларда, ҳар хил қарорлар чиқарилиб, қисқартириб келинган.
Шунча натижага эришган боғбоннинг меҳнати қадрланиб, таклифи инобатга олинса, бундан фақат эл манфаат кўради. Янги иш ўринлари яратилиб, қишлоқ хўжалигининг бу тармоғи ривожланади. Боғбонни безовта қилаётган мутасаддилар масаланинг шу томонларини чуқурроқ ўйлаб кўриши керак.
Аҳрор ШАМСИЕВ,
“Жомбой тонги” мухбири.