«Жаннат меваси»нинг шифобахш хусусиятлари

Анжирни бежиз жаннат меваси, дейишмайди. Зеро, у фойдали ва шифобахш хусусиятларни жамлаган сандиққа ўхшайди. Оч сариқ ёки сиёҳранг тусли ноксимон бу мева витамин ва қувватбахш моддалари билан инсонга саломатлик, гўзаллик ва ёшлик бахш этади.

Қадимдан унинг қуйидаги фойдали хусусиятлари маълум:

- Анжир меваси сийдик ва тер ҳайдаш хусусиятига эга.

- Заҳарланишни анжир билан даволаш мумкин. Чунки унинг таркибидаги моддалар ошқозон-ичак фаолиятини яхшилаб, ундан заҳарни ҳайдаб чиқаради, буйрак ва жигар фаолиятини яхшилайди.

- Анжир бошқа касалликларда ҳам қўлланади: томоқ оғриғи ва йўталда анжирнинг устига иссиқ сут қуйиб, бир муддат димлаб қўйилади ва овқатдан олдин беморга ичирилади.

- Анжирнинг иситмани тушириш хусусияти ҳам маълум. Бунинг учун иситмалаётган беморга қуритилган анжир мевасидан дамлама тайёрлаб ичириш керак.

- Анжир қондаги холестерин миқдорини камайтиради. Шу сабабли у юрак қон-томир хасталиклари ва семиришда беназир воситадир.

Анжир таркибида катта миқдорда темир моддаси бор. Шу боис камқонликда фойда беради.

- Анжирдан тайёрланган шарбат ични юмшатади. Ҳатто анжир мураббосини иссиқ чойга солиб ичиш билан ҳам айни натижага эришиш мумкин.

- Сутда қайнатилга анжир мевалари йирингли яраларга босилса, улар тезроқ пишиб, ёрилади.

- Агар қўл ёки оёғингизда қадоқларингиз бўлса, тунда уларнинг устига анжир мевасини кесиб, боғланг. Тез орада қадоқлар кўчиб тушади.