Уй-жой коммунал соҳаси ходимлари энди “боди-камера” ва пленшет билан ишлайди
Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси, унинг туман-шаҳар бўлимлари масъуллари, вилоятдаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув ташкилотлари раҳбарлари ва вилоят прокуратаси масъуллари иштирокида ўқув-семинар ташкил этилди.
Семинарда Ургут тумани мисолида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди. Хусусан, бошқарув сервис компанияси ходимлари “боди-камера”лар, махсус планшетлар ва ишчи формалар билан таъминлангани, бажарилган ишлар бўйича аҳолига ўз вақтида ва босқичма-босқич ҳисобот бериб борилаётгани таъкидланди. Ушбу ёндашув орқали хизматлар сифати ошиб, муҳими, аҳолининг соҳага бўлган ишончи мустаҳкамланаётгани қайд этилди.
Эндиликда ходимларнинг иш жараёни “боди-камера”лар орқали 24 соат давомида қайд этилиб, тасвирлар тўғридан-тўғри бошқарув сервис компаниясига узатилмоқда. Бу эса бажарилаётган ишлар устидан доимий назоратни таъминлаб, масъулиятни янада кучайтирмоқда.
Бажарилган барча ишлар планшетлар орқали электрон тизимга киритилиб, аҳолига ўз вақтида ва босқичма-босқич ҳисобот бериб борилмоқда. Натижада “Иш қилдим-қилмадим” деган гапларга ўрин қолмайди, қоғозбозлик камайиб, хизматлар тезкор ва сифатли бажарилмоқда. Муҳими, бу тизим орқали очиқлик таъминланиб, аҳолининг уй-жой коммунал хизматларига бўлган ишончи тобора мустаҳкамланмоқда.
Синов тариқасида жорий этилган мазкур амалиётни келгусида вилоятдаги барча бошқарув сервис компанияларида ҳам йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу эса уй-жой коммунал хизматларида тартиб, ҳалоллик ва шаффофликни таъминлаб, аҳолига янада қулай ва сифатли хизмат кўрсатишга хизмат қилади.
Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалик бошқармаси ахборот хизмати.