Жорий йил 8 та ОТМда журналистика йўналишида қабул бўлади. Уларнинг 2 таси Самарқандда

Беруний Алимовнинг фейсбукда маълум қилишича, жорий йилдан бошлаб Ўзбекистондаги 7 та ОТМда журналистика йўналиши бўйича қабул бўлади.

1) Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети;

2) Ўзбекистон миллий университети;

3) Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;

4) Қорақалпоқ давлат университети;

5) Тошкент давлат шарқшунослик университети;

6) Самарқанд давлат чет тиллар институти;

7) Вебстер (АҚШ) университетининг Тошкентдаги филиали.

Тўлдириш: шунингдек, олинган маълумотларга кўра, “Ипак йўли” халқаро туризм университетида ҳам “Travel journalism“ йўналишига қабул бўлади.

Бу жуда яхши ва тўғри қарор. Барча соҳада бўлгани каби, таълимда ҳам соғлом рақобат орқали сифатни ошириш мумкин. Таълим ҳам монополияни ёқтирмайди.

Аммо бизда негадир шунақа амалиёт пайдо бўлгандики, қайсидир йўналишдаги ОТМни кучайтириш учун бошқа жойлардаги факультетларни ёпишар эди. Бундай амалиётга мутлақо қўшилмайман. Бошқа жиҳатларини қўя турайлик, оддийгина мисол, ҳамма бир жойга интилса, бу коррупция элементларини ҳам кучайтиради. Абитуриентларда танлов имконияти қанча кўп бўлса, шунча яхши.

Қувонарли томони, жорий йил монопол йўналишлардан бўлган юридик йўналишда ҳам ўзгариш бўляпти ва Самарқанд, Наманган ва Термизда юридик факультетлар очиляпти. Шундай қилиб жами 6 та ОТМда (ҳарбий олийгоҳлардан ташқари) юриспруденция йўналишида ўқитиладиган бўлди.

Умид қиламизки, бу каби яхши анъана яна давом этади.