ЖССТ мактаблар коронавируснинг янги ўчоқларига айланиши мумкинлигини эслатди

ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Райан кўпгина мактабларда оддий қўл гигиенасига амал қилиш имкониятлари йўқлигидан хавотирда эканлигини билдирган. ЖССТ маълумотларига кўра, ўтган йили дунёдаги мактабларнинг 43 фоизи қўлни совунлаб ювиш шароитига эга бўлмаган.

«Ўқув йили бошланиши билан мактаблар инфекция тарқалиши учун янги хавфли ҳудудларга айланиши мумкин», — деди Райан.

У, шунингдек, дунёнинг аксар қисми ҳалиям коронавирус олдида заиф эканлигини эслатиб қўйди. Райаннинг таъкидлашича, коронавирусга қарши оммавий иммунитет шаклланмасдан туриб эпидемиянинг тинганига умид қилиб бўлмайди. Негаки COVID-19 ни ҳаддан ташқари кам одам бошидан ўтказган.

Шу сабабли одамлар тўпланадиган ва ёпиқ жойларда тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофага амал қилиш ҳамда одамлар гавжум жойларга бормаслик керак.