Жума ўгити: Илм олганнинг насибаси бутундир

Ислом таълимотида илм юксак қадрланади. Буни Қуръони карим ва ҳадислар тўла тасдиқлайди.

Қуръони каримнинг илк нозил бўлган оятининг ўзидаёқ Аллоҳ таоло «Ўқи!» деб амр қилди. Шу билан бирга Қуръонда илм сўзи турли маъноларда 811 марта такрорланиши унинг ўрни қанчалик юқори эканини кўрсатади.

Қуръони каримда: «Аллоҳ

сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба) ларга кўтарур» (Мужодала, 11-оят), дейилган. Ибн Хажар Аскалоний ушбу оятни қуйидагича тафсир қилади:

«Албатта, даражаларни кўтариш улуғ фазлу марҳаматга далолат

қилади ва дунёда олий мартаба, шон-шуҳрат каби маънавий юксакликни

ҳамда жаннатдаги олий

мартаба каби ҳиссий юксакликни ўз ичига олади».

«Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири»да эса шундай сўзлар бор: «Илм ва олимларнинг фазилатлари, икки дунёда эришадиган даража ва мартабаларига доир оят ва ҳадислар жуда кўп учрайди. Расулуллоҳ

алайҳиссаломдан олим

кишининг бир кунлик ибодати

илмсиз обиднинг қирқ йиллик ибодатига тенг экани, қиёматда шафоат қилиши, агар у таълим ҳам берса, ер ва осмондаги барча жонзот Аллоҳдан унга мағфират

сўраши ривоят қилинган. Сулаймон (алайҳиссалом)га Аллоҳ таоло илм, бойлик ва подшоҳликдан бирини танлашни буюрганида у

илмни танлайди. Илмнинг шарофатидан унга бойлик ва подшоҳлик ҳам қўшиб берилади».

Бошқа бир оятда эса: «Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир», фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта) Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли)

ва Ҳаким (ҳикматли)дир»

(Оли Имрон, 18-оят). Ушбу оятда Аллоҳ таоло ўзининг ягоналигига фаришталар билан бир қаторда илмли кишиларни ҳам гувоҳ

қилгани олимларнинг даражаси Аллоҳ таолонинг даргоҳида ҳам улуғ эканига далолат қилинади.

Расулуллоҳ алайҳиссалом

ўз ҳадисларида илм эгаллашга, олимларни яхши кўришга чақирганлар.

Жумладан, Имом Бухорий

ривоят қилган ҳадисда «Илм

талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир» деб таъкидланган.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Абу Дардо (розияллоҳу анҳу): «Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганларини эшитдим: «Ким илм истаб бир йўлдан юрса, Аллоҳ уни жаннат йўлларидан бирига

йўллаб қўяди. Фаришталар

илм толиби учун қанотларини

пасайтирадилар. Албатта, олим ҳақига осмону ерда, ҳаттоки сув остидаги балиқлар ҳам истиғфор

айтадилар. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир.

Пайғамбарлар динор ва дирҳамни мерос қолдирмадилар. Балки илмни мерос қолдирдилар. Ким уни олса, (меросдан) тўлиқ насибасини олибди».

Зайниддин Эшонқулов,

Самарқанд вилояти бош имом хатиби.