Журналист ён дафтаридан: Мақола қор ёғса чиқади
- Электрчилар кунига бир чиройли мақола тайёрлаб келинг, - деди “Зарафшон” газетаси бўлим бошлиғи, иқтидорли журналист Адҳам Ҳайитов.
Мақола қаҳрамонини уч кун деганда топдим.
- Э, ука, бизнинг нимамизни ёзасиз? - деди туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Хўроз Орзуқулов. - Мана, қаранг, қўлларим қоп-қора. Ярим кечаси уйқудан қолиб, тизза бўйи қорда пиёда юрдим ва ҳар бир симёғочни кўздан кечириб, Ғўбдин тоғи этагидаги ферманинг светини ёқиб келяпмиз. Йўлимиздаги “А” ҳарфига ўхшаш симёғочдан кучли шамол туфайли электр симлари чиқиб, чалкашиб кетган экан. Тонгга яқин ишни тугатдик.
Шу гаплардан сўнг ажойиб мақола ёзилди ва бунгача ҳаво ҳам исиб, қорлар эриб кетди. Мақоладан эса дарак йўқ.
- Ука, мақола ёзаман деб жон ҳолимга қўймадинг, - деди Хўроз ака бир куни. - Қани ўша газета?
- Мақола қор ёғса чиқади, - дедим кулиб.
Кейинг ўзим таҳририятга қўнғироқ қилиб “Адҳам акадан мақола қачон чиқишини сўрайман.
- Мақола қачон чиқади? - деб сўрайман бўлим бошлиғидан.
“Қорни кутиб турибмиз. Мақола қор ёққан кун чиқади...”, дейди у киши.
Эрталаб ширин уйқудан болаларнинг онаси уйғотди:
- Суюнчи беринг дадаси, қор ёғаяпти, мақолангиз чиқадиган бўлди.
Бўлим бошлиғига телефон қилдим.
- Мақола чиқди, - деди бўлим бошлиғи Адҳам Ҳайитов.
Газетани Хўроз Орзуқуловга етказдим.
- Раҳмат ука, - деди Хўроз ака хурсанд бўлиб. - Бизнинг ишимиз тўғрисида ҳам яхши мақола ёзса бўларкан-ку...
Пиёзи борга ўхшайди
Ҳамкасбимиз, иқтидорли журналистлардан бири Пўлат Ҳамдам “Красногвардейский” совхозида бўлиб ўтган семинарда иштирок этди. Семинар тугагач, ҳамма ўз иши билан тўрт томонга тарқаб кетди. Пўлат Ҳамдам тушлик қилиш мақсадида совхоз марказидаги ошхонага кирди. Ошхона бўм-бўш. Пўлат ака дуч келган биринчи столга ўтириб:
- Нима овқат бор? - деб сўради хизматчидан.
- Шўрва бор, - деди у.
- Обкелинг, - деди Пўлат ака. Бироздан сўнг олдига қўйилган шўрвани қошиқ билан аралаштириб кўргач, “Шўрванинг ичида ҳеч вақо йўқ-ку. Шеф поварни чақиринг”, - деди.
Қорайиб кетган “оқ халат”да бош ошпаз ҳовлиқиб кириб келди. У қошиқни олиб, шўрвани ковлаб кўрди.
- Мана, пиёзи борга ўхшайди, - деди ошпаз.
Шундан сўнг газетада “Пиёзи борга ўхшайди” сарлавҳали танқидий мақола чиқди. Шов-шувга сабаб бўлган ушбу мақола бошқа ошхоналарга ҳам ибрат бўлди.
Раббим Ҳотамов.