Карантин тугагач, биринчи навбатда нима қилмоқчисиз?

Айни карантин кунларида кўпчилик ҳаёти, яшаш тарзи ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўриши учун имкон пайдо бўлди. Турли чекловлар, кўчага ҳуда-беҳуда чиқмаслик эса аввал қай муносабатларда хато қилганимизни, қайсиларини қадрламаганимизни ҳам ўйлаб кўришимиз учун вақт берди.

Шу нуқтаи назардан, юртдошларимизга “Карантин тугагач, биринчи навбатда қайси ишни режалаштираяпсиз?” деган савол билан мурожаат қилдик. Жавоблар хилма-хил, уларни бир ўқиб кўринг-а!

Феруза Турсунова, уй бекаси:

 – Карантин даврида фарзандларимнинг қўшимча дарслари анча тўхтаб қолди.  Биринчи галда уларнинг билим олишларини давом эттириш учун ҳаракатни бошлаймиз. Шунингдек, анчадан бери Умра зиёратига боришни кўнглимга тугиб юргандим. Шу зиёратни тезлаштиришга ҳаракат қилмоқчиман.

Озода Шоҳқулова, тадбиркор:

– Насиб этса, Самарқанддаги азиз-авлиёлар макон топган қадамжоларни бирма-бир зиёрат қилишни дилимга тугиб қўйганман. Шу ниятларимизга тезроқ етказсин, деб дуодамиз.

Зарифа Ҳусанова, ўқитувчи:

– Тўғриси, карантин пайтимда жонажон мактабим, ўқувчиларимни жуда соғиндим. Карантиндан сўнг бошқача иштиёқ билан мактабга борсам керак. Дарс ўтиш жараёнлари, ўқувчиларнинг дарс пайтидаги бийрон-бийрон жавоб беришлари ҳар куни кўз ўнгимдан ўтади.

Нигора Ғафурова, матбуот хизмати ходими:

– Карантин тугаса ҳам биринчи навбатда эҳтиёткорликни унутмаслигимиз керак. Шунга амала қиламан. Яқинларимизни соғинганмиз, улар билан дийдор кўришишни истаймиз. Уларни жамоат жойларига, ресторанларга эмас, уйга, меҳмонга чақираман.

Дилафрўз Раҳмонова, фармацевт:

–  Карантин пайтида фарзандларимни қўшимча тўгаракларга қўйиш қанчалик муҳимлигини яна бир англаб етдим. Уларнинг қизиқишларига қараб, карантин тугагач, дарҳол шу билан шуғулланишни ўйлаб қўйдим.

Собир Расулов, тадбиркор:

– Ишимни янгича тартибда ташкил қилиб, бошлашни режалаштираяпман. Бугунги кунлар ҳар бир соҳа ходимининг янгича ёндашув билан ишлашини тақозо қилмоқда. Тўғри, ҳали олдиндан бизларни нималар кутмоқда, билмайман. Аммо насиб этса янги режалар тузишга, мижозларга хизмат кўрсатишда биринчи навбатда уларнинг кўнглини кўтаришга, бу масалада ходимларга зарур бўлса қўшимча машғулотларда қатнашишга имкон яратиб бермоқчиман.

Зоҳида Милне (Бойматова):

– Бир неча йилдан бери Буюк Британияда истиқомат қиламан. Анчадан буён Ватанимга бориш имкони бўлмаганди, шу йил имкон бўлди-ю коронавирус бу дийдорга халақит берди. Табиийки, карантин кунлари тугагач, албатта Ўзбекистонга учиб бораман.

Ботир Саъдуллаев, банк ходими:

–  Биринчи навбатда қишлоққа, ота-онамни кўришга бориб, уларни ёнида имкон даражасида қолиб, дийдорига тўйишни режалаштирганман. Карантиндан аввалги пайтларда иш-иш, рўзғор, деб уларни кўриб келишга, дуоларини олишга кўп вақт ажратолмасдим. Энди ўйлаб қарасам, ҳамма нарсанинг имконини топса бўларкан. Ўша кунларнинг қадрига етаяпман. Карантиндан сўнг ҳаётимни, вақтимни бошқачароқ қадрлаб иш кўраман.

Ушбу савол билан кўплаб юртдошларимизга мурожаат қиларканмиз, «гўзаллик салонига бораман», «дўстларим билан ресторанда йиғилишамиз» «кийим-кечак дўконларини бир айланиб чиқаман» деган фикрларни ҳам этишдик. Аммо сўралганларнинг катта қисми “Биринчи навбатда ота-онамни кўришга бораман, уларнинг дийдорига тўяман, шу пайтга қадар қадрига етмаган эканман”, деб жавоб беришди.

Карантин нафақат моддий, балки маънавий дунёқарашимизга ҳам дахл қилганини шу изоҳлардан билса бўлади.

Гулруҳ МЎМИНОВА.