Кармана  “кармено”ми ёки “катта манзил”ми?

Бухоро Сўғдининг шарқий чеккасида, Самарқанд ва Бухоро ўртасида, қадимий “Шоҳ йўли” устида жойлашган Кармана муҳим марказ сифатида йирик иқтисодий ва ҳарбий стратегик аҳамиятга эга бўлган. Кармана шимолда Нуротанинг Қоратоғ тизмалари, шимоли ғарбда Қизилқум, жанубда эса Зиёвуддин-Зирабулоқ тоғ тизмалари, шарқда ҳосилдор боғлар билан ўралган, географик жиҳатидан жуда қулай ҳудудда жойлашган.

Кармананинг қадимий шаҳар, ҳунарманду савдогарлар кўп истиқомат қилган кент эканлиги ҳақида маълумотлар сақланган. Наршахий “Бухоро тарихи” китобида Карманага таъриф бериб, “Кармана Бухоро қишлоқлари жумласидан бўлиб, унда масжиди жомеъ барпо этилган, адиб ва шоирлари кўп бўлган” деган қимматли маълумотларни қолдирган. Шунингдек, Ас-Сомоний, Истаҳрий, Муқаддасий, Яқубий асарларида кармана иқтисодий ва маданий жиҳатдан ривожланган марказ сифатида тилга олинган. Таниқли географ олим, атамшунос Суюн Қараев Карманани “Хариманкент”, яъни “Катта манзилли кент” шаклида тилга олган. Ривоятларга кўра, македониялик Александр Бухоро ерларини босиб олиб, Нур қалъасидан Зарафшон дарёси томон келаётганда, баланд қир устидан дарё соҳилидаги гўзал, хушманзара кентни кўриб, унга маҳлий бўлиб, “Кармено” деб юборган. “Кармен” грекча сўз бўлиб, “гўзал” деган маънони билдиради. Бошқа манбаларга кўра эса, араблар бу жойларни кўриб, “Ка Арминийа” – “Арманистонга ўхшаш гўзал жойлар” деб номлаган эканлар.

Академик А.Муҳаммаджонов “Кармана” атамасига қуйидагича таъриф беради: “кармана” аслида суғдча сўз бўлиб, “Ҳар-ман-а» шаклида бўлган. “Хар – катта, ман - манзил” деган сўзлардан олинган бўлиб, “Катта манзил” деган маънони англатади. М.Исҳоқовнинг айтишига қараганда, Кармана милоддан аввалиги биринчи минг йилликда пайдо бўлган. Кармана аввал “Ҳар – миёна” шаклида бўлган. “Ҳар – катта, улуғ, миёна – ўртаси” деган суғдча сўзлардан олинган бўлиб, “Катта, улуғ йўлнинг ўртаси” деган маънони ҳам англатган. Кармана дастлаб 712 йилда эронлик Ат Табарийнинг “Пайғамбарлар ва ҳукумдорлар тарихи” номли асарда, кейинчалик номаълум муллиф томонидан 983 йилда ёзилган “Олам чегаралари” номли асарда тилга олинган.

2022 йилда Кармана тарихини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, бу шаҳарнинг ёшини аниқлаш мақсадида Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтининг илмий ходимлари томонидан Кармана шаҳри ҳудудида жойлашган Чиллатепа, Кунжактепа ва Бурқуттепа ёдгорлигини таркибий қисмлари бўлган арк, шаҳристон ва рабод қисмларини чегарасини аниқлаш мақасадида қазув ишлари олиб борилди. Бурқуттепа ёдгорлик тўғрисидаги бириичи кисқача маълумот 1934 йидда ўтказилгаи Зарафшон экспедициясининг бошлиғи А.Якубовский томонидан қолдирилган. Унинг ёзишича, ёдгорлик арк (куҳандиз), шаҳристон ва работдан иборат бўлган.

1986 йилда ёдгорликнинг схематик плани тузилган ва унинг устидан териб олинган археологик топилмалар асосан Бурқуттепада эрамиздан аввалги III-II асрлардан то ўрта асрларгача одамлар яшаганлиги кўрсатади.

Кейинги йилларда археолог олим Муҳиддин Хўжаназаров бошчилигида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида аркнинг 8 метр кенгликдаги мудофаа девори очиб ўрганилди ва шу билан бирга, аркнинг шимолий қисмда олиб борилган қазишма ишлари натижасида бу ерда ёдгорликнинг эрамиздан аввалги IV-III асрларига тегишли археологик топилмалар билан бирга ертўлага ўхшаш уй-жойнинг қолдиғи топилган. Ёдгорлик шаҳристонида (ҳозирда қабристонга айлантирилган) олиб борган қазишмалар натижасида X-XIII асрларга оид кўплаб кулолчилик идишлари ва пишиқ ғиштлар, тегирмон тошлари топилган.

2022 йилда Бурқуттепа ёдгорлиги работ қисми ҳудудини аниқлаш мақсадида унинг аркдан 20 метрлар жанубда шурфлар ташланиб, бу ерда аралаш қатламлар қайд этилди. Яъни, Кармана шаҳри ҳудудида сўнгги ўрта асрлардан бошлаб олиб борилган қурилиш ишлари давомида работ қисми тўлиқ ўзлаштирилганлиги кузатилди. Шу билан бирга археологлар Кармана шаҳрининг атроф ҳудудларида жойлашган қишлоқ маконларини ўрганиш ва шу орқали шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги муносабатларни аниқлашга эътибор қаратдилар. Жумладан, Чиллатепа ёдгорлиги кўшкининг жанубий чеккасидан 2,8х7,5 метр ўлчамдаги ва унинг манзилгоҳини жанубий чегарасида 3х5,5 метр ва 2,5х3,75 метр катталикдаги майдонда қазиш ишлари олиб борилди. Тадқиқотлар натижасида кўшк ҳудудидаги қазишмада антик даврдан то XII асрларгача бўлган давр моддий маданият намуналари аниқланди. Бу ерда ўрганилган маданий қатламлар кетма-кетлигига кўра, қазишмада очиб ўрганилган деворлар бешта қурилиш даврига тааллуқли эканлиги аниқланди. 

Дастлабки маълумотларга кўра, манзилгоҳ сўнгги антик даврда шаклланган бўлиб, ушбу давр маданий қатламлари устида илк ўрта асрларга тегишли хом ғиштдан қурилган мудофаа девор қолдиқлари очиб ўрганилди. Мудофаа девори хом ғиштдан сўнгги антик ва эрамизнинг V-VI асрларга тегишли маданий қатлам устига қурилган бўлиб, унинг сақланиш баландлиги бир метр, қалинлиги 1,85 метрни ташкил қилади.

Илк ўрта асрларда инқирозга учраган Чиллатепа қишлоқ макони XI-XII асрларда, яъни қорахонийлар даврида қайта ўзлаштирилганлиги аниқланди. Хусусан, бу борада юқори қатламлари орасида ушбу даврга оид пишиқ ғишт, кулоллик идишлар исботлаб турибди. Бундан ташқари шаҳар чеккасидаги Кунжактепа ёдгорлигида ҳам тадқиқот ишлари олиб борилиб, унинг шимоли-ғарбий томонида 2х11,5 метрли ва ёдгорликнинг ғарбий томонидан 8 метр узоқликда 2х3 метр ўлчамда шурф қазиб ўрганилди. Ёдгорликнинг шимоли-ғарбий ҳудудида қазилган қазишмада илк ўрта асрларга оид 4 та қурилиш даврига тегишли пахса ва хом ғишт аралаш мудофаа девор қолдиқлари ва унинг ички томонида пахса деворли турар-жой ўрни қолдиқлари очиб ўрганилди. Хоналардан бирида ёнма-ён жойлашган 2 та хўжалик ўра қолдиқлари аниқланди. Ушбу ўралардан бири хона полнинг устига қурилган бўлса, иккинчиси хона пол қисмини кесиб туширилган ва унинг сақланган қисми чуқурлиги 20 сантиметргача боради. Ушбу қазишма ишлари жараёнида мудофаа девори орасида сўнгги антик даврга тегишли қадаҳ, қизил ангоб билан бўялган коса ва хурмача идиш бўлаклари қайд этилди.

Қишлоқ маконларида аниқланган кулоллик идишлар ўзининг тайёрланиш техникаси ҳамда технологиясининг юқори сифатлилиги билан ажралиб туради. Бу ўз навбатида ушбу идишларни шаҳар ҳунармандлари ясаганлигидан далолат беради.

Кармана тумани ҳудудидаги археологик ёдгорликларни рўйхатга олиш ва шу асосда ҳудуднинг антропоген ландшафтининг ўзлаштириш жорий йилда ҳам давом эттирилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сон қарорида 28 та археологик ёдгорликлар қайд қилинган бўлса, тадқиқотлар давомида яна ўндан зиёд археологик ёдгорликлар ўрни аниқланди. Бундан ташқари, ўндан ортиқ мозорқўрғонлар жамланмасида 200 дан зиёд мозорқўрғонлар аниқланди ва уларнинг координаталари белгилаб олинди. Айни вақтда 1970-1980 йилларда бузилиб кетган 3 та ёдгорлик ўрни қайд этилди. Туманнинг жанубий ҳудудида эса илгари номаълум бўлган қоятош суратлари рўйхатга олинди.

2023 йилда Кармана тарихини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, бу шаҳарнинг ёшини аниқлаш бўйича GPR (георадар) ва магнитометр ёрдамида Бурқуттепа ёдгорлигини тадқиқ этиш ва шу асосда ёдгорликнинг тўлиқ топографиясини ҳамда туман археологик ёдгорликлари рўйхатини шакллантриш мақасадида археологик қидирув ишларини давом эттириш ва шу асосда ҳудуднинг ўзлаштириш динамикасини ёритиш мақсад қилинган.

Комил РАҲИМОВ,

Муминхон САИДОВ,

Азбиддин ХОЛМАТОВ

Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология

институти илмий ходимлари.