Каттақўрғон шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Гавҳар Алимованинг блогер Улуғбек Тўраевнинг видеомурожаати бўйича муносабати
Каттақўрғон шаҳрида иш бошлаганимга бир ойдан ошди. Ушбу қисқа даврда буюк тарихи, маънавий-адабий муҳити билан ўзига хос ўрин тутган кўҳна бу шаҳарга меҳрим тушди. Шаҳарнинг меҳридарё ва меҳнаткаш халқини севиб, шу азиз масканни обод ва кўркам этишга бел боғладим. Шундай ажойиб халқи бўлган қадим шаҳарда ишлаётганимдан фахрланаман.
Афсуски, гуруч кўрмаксиз бўлмаганидек, шу ажойиб халқ ичида ҳам сохта ва сунъий шуҳрат истаб, нохолис ахборот тарқатувчи кишилар ҳам бор экан.
Улар бармоқ билан санарли бўлиб, турли миш-мишлар, иғволар тарқатиш, видеороликлар воситасида биз умид билан бошлаётган фаолиятимизга соя солиб, руҳий босим ўтказишга, аҳолида нотўғри фикрлар шаклланишига ва бу орқали норозигарчилик уйғотишга ҳаракат қилишмоқда.
Каттақўрғонда бир гуруҳ тўдалар бор экан...
Улар томонидан Каттақўрғон шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчига, яъни менга ҳам тазйиқ, туҳматлар уюштиришлар, ўзларини измига туширишга бўлган ҳаракатлар бошланди.
Куни кеча Кўҳнадам маҳалласига бориб, ободончилик, кўкаламзорлаштириш масаласида маҳалла фаоллари билан суҳбатлашишим жараёнида фуқаролар маҳаллага бошқариш қобилиятига эга бўлган, халқ муаммолари ечимини топа оладиган, адолатли, ўз ортидан халқни эргаштириб, тўғри йўл кўрсата оладиган маҳалла фуқаролар йиғини раиси тайинлаш масаласини кўтаришди.
Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сонли фармонига биноан шаҳар ҳокими бу масалада ташаббус кўрсатишга ҳақли.
Каттақўрғон халқи билан бирлашиб, кўп хайрли ишларни бошлаб юбордик. Маҳаллаларни ободонлаштириш-ривожлантириш йўлида фуқароларимиз елкадошлик қилиб турган вақтда, баъзиларнинг қитмир ўйинлари ўтмай қолди.
Маҳаллалардаги ишларимизга эса блогер Улуғбек Тўраев нохолис баҳо бериб, менга ахборот йўллаган.
Очиқ ойдин таҳдидли, ҳар хил фитналардан иборат видео тайёрлаб, қўрқитмоқчи бўлгандай ҳаракатлар қилаётган Улуғбек Тўраев ким ўзи? Билишимча, илгари ишлаган ҳокимларга ҳам босимлар ўтказишга ҳаракат қилганларнинг орасида у ҳам бўлган.
Биз, яъни бугун мен билан бирга елкама-елка ишлаётган жамоа аъзолари очиқлик тарафдоримиз!
Майли, Тўраевлар менга видео ташламай хоҳлаган саҳифаларига қўяверсин. Бир муддат олдин ҳам хорижий сайтларга видеолавҳалар чиқариб, кейин маълумотлари асоссиз эканлиги учун кечирим сўралган видеосини ҳам тайёрлаган у эди. Хўш, эндичи?
Менга ким очиқ юз билан келса, соҳа мутасаддилари, оқсоқоллар билан маслаҳатлашиб, албатта, масала ечимини ижобий томонга ечишга ҳаракат қиламан. Билъакс, зимдан турли видеолар тайёрлаб, турли ижтимоий тармоқларда тарқатадиган Улуғбек Тўраевга ўхшаганларнинг измида юрмайман.
Бундан бир неча йил олдин маҳаллани бошқарганда Улуғбек Тўраевнинг ўзи нима каромат кўрсатган эди? Афсуски, бу саволларга аниқ жавобнинг ўзи йўқ.
Улуғбек Тўраев сизни ўйинларингиз энди ўтмайди! Мен Каттақўрғон халқига хизмат қилайми ёки сизгами? Мен очиқлик сиёсати тарафдориман!
Холис баҳони халқнинг ўзи беради.
Муҳтарам Президентимизнинг катта ишончини оқлаш, шу қутлуғ ўлкани обод масканга айлантириш йўлида жоним билан хизмат қиламан.
Бу масъулиятли вазифани адо этишда азиз шаҳримизнинг маърифатли ва зиёли, фидойи ва ватанпарвар халқига суянман.
Буюк Яратган зот барчага инсоф берсин.