Каттақўрғонда фермернинг пахта ва ғалла етиштириш учун электр энергияга сарфлаган харажатлари бюджетдан қопланмади
6 хонали сондан иборат суммадаги муаммо адлия идоралари аралашуви билан ҳал этилди.
Жорий йилнинг июнь ойида Адлия вазирлиги томонидан фермер хўжаликларининг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолияти давомида энг кўп учрайдиган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида “Фермерга мадад” акциясига старт берилганди.
Акция доирасида республиканинг бутун ҳудуди, шу жумладан вилоятимизда ҳам адлия органлари томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилиб, фермер хўжаликларининг манфаатлари ҳимоя қилинмоқда.
Хусусан, Каттақўрғон тумани ҳудудида жойлашган “Эрк” фермер хўжалиги раиси К.Назаров томонидан қилинган мурожаатга кўра, унга 2020 йил пахта ва ғалла ҳосилини етиштириш учун сарф қилинган 46 миллион 692 минг сўм ва 2021 йил йил учун 17 миллион 10 минг сўм электр энергияси харажатлари бюджет ҳисобидан қоплаб берилмаган.
Туман адлия бўлими томонидан фермер хўжалиги раиси К.Назаровнинг мазкур аризаси ўрганилганда, ҳақиқатан ҳам фермер хўжалиги томонидан сарф қилинган электр энергияси харажатлари учун компенсация пуллари тўлаб берилмаган.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги қарори билан тасдиқланган “Фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан фермер хўжаликларига насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг электр энергияси истеъмоли учун кетган харажатлар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш орқали қопланиши белгиланган.
Юқоридагиларга асосан Каттақўрғон тумани адлия бўлими томонидантуман молия бўлимига тақдимнома киритилди.
Натижада тақдимномага асосан “Эрк” фермер хўжалигига пахта ва ғалла ҳосилини етиштириш учун сарф қилинган электр энергияси харажатлари тўлиқ қоплаб берилди.
Ўткир Ҳакимов,
Каттақўрғон тумани адлия бўлими бошлиғи.