Каттақўрғонлик ҳунарманд ниқоб тикиб, маҳалладошларига тарқатмоқда

Каттақўрғон шаҳридаги Ноқис маҳалласида истиқомат қилувчи Шахзода опани кўпчилик яхши танийди. Маҳалладаги аксарият қизлар опадан миллий либослар, зебигардонлар, қадимий ва замонавийлик уйғунлашган келинлик либосларини тикишни ўрганган. Бир бўлиб синовли кунларни енгиб ўтамиз, деб олдига мақсад қилган Шахзода опа маҳалладошлари учун хайрли юмушни амалга оширмоқда.

- 10 йилдан буён оиламиз билан миллий либослар, келинларимиз учун зебигардонлар ва тожлар ясаб, юзлаб шогирдларимга ҳам ўргатиб келмоқдаман, - дейди Шахзода Ҳожиматова. – Бугун барчамиз уйда ўзимиз, яқинларимизнинг соғлиғи, жамиятнинг эртаси учун курашаётган бир даврда маҳалладошларим учун тиббий ниқоблар тикиб тарқатяпман. 100 дан ортиқ ниқобларни фарзандларим, турмуш ўртоғим билан тикиб, қўлдан келганча аҳолимизни таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Насиб бўлса, бу кунларни енгиб ўтгач, фаолиятимни янада кенгайтириб, каштачилик йўналишида ҳам шогирдлар тайёрламоқчиман. Асосийси, бугун миллий қадриятларимиз яна сайқал топиб, унга эътибор кучайди.

Шахзода опа каби Нарпай, Иштихон туманларидаги ҳунармандлар ҳам тиббий ниқоблар тикиб, маҳалладошларига тарқатмоқда.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.