Каттақўрғонлик Шаҳноза бокс бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлди

Жорий йилнинг 20-25 июнь кунлари Жиззах вилоятида бокс бўйича бўлиб ўтган Ўзбекистон биринчилигида Каттақўрғон туманидаги 43-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Шаҳноза Эргашева қизлар ўртасида 75 килограмм вазн тоифаси бўйича 1-ўринни қўлга киритди. Шаҳноза бу ғалабаси орқали жорий йил якунига қадар Бирлашган Араб Амирликларида ўтказиладиган Осиё чемпионатига йўлланма олди.
– Спортнинг бокс тури бўйича тўрт йилдан буён шуғулланаман, – дейди Ш.Эргашева. – Бугунги қувончли кунни кўриш учун кечаю кундуз меҳнат қилдим. Шу меҳнатларим ва устозим Ойбек Тожиевнинг ёрдами билан мақсадларимдан бирига етдим. Мазкур мусобақа якунида мени ғолиб деб эълон қилишганида қалбим ҳаяжонга тўлиб кетди, беихтиёр кўзларимга қувонч ёшлари келди. Келгусида олдимга янада улкан мақсадларни қўйиб, халқаро мусобақаларда иштирок этаман ва ғолиблик сари ҳаракат қиламан. Бу орқали эса жаҳон ареналарида Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб, ота-онам ва бошқаларнинг менга билдирган ишончини оқлайман.