Кексалар югуришда ёшларга ўрнак бўлди

Барча ҳудудда бўлганидек, Самарқанд туманида ҳам “Коррупциядан холи Янги Ўзбекистон учун бирлашайлик!” шиори остида оммавий югуриш марафони бўлиб ўтди.
Марафонда 800 нафардан ортиқ кичик ёшдан кекса ёшгача бўлган аҳоли туманнинг Гулобод маҳалласида жойлашган 52-мактаб олдидан туман ҳокимлиги биноси олдигача бўлган 2,5 километр масофани босиб ўтиш бўйича баҳс олиб борди. Дастлаб, югуриш марафонини аҳоли билан бирга туман ҳокими С.Усмонов ҳамда туман прокурори Ғ.Абдураҳмонов бошлаб берди.
Муросасиз кечган югуриш марафони якунига кўра, биринчи бўлиб маррага Азиз Абдуҳалимов ҳамда Шаҳризода Шодиева етиб келди. Тоҳир Шомирзаев ва Шарқия Ишмуродова иккинчи ўринга сазовор бўлди. Иштирокчилар Самандар Содиқжонов ҳамда Моҳина Давронова учинчи ўринга лойиқ деб топилди.
Шунингдек, баҳс давомида муносиб иштирок этган Жўрақул Турсунқулов ва Моҳиба Иноятова энг ёши улуғ иштирокчи сифатида эътироф этилди. Энг ёши кичик иштирокчи номинацияси бўйича 5 ёшли Жаҳонгир Жамшидов ва 7 ёшли Шабнамбону Аллаёрова тақдирланди.
Бундан ташқари, ғалабага бўлган интилиши учун Дониёр Шодиев ва Ойниса Жўрақулова рағбатлантирилди.
Тақдирлаш маросимида бу каби спорт тадбирлари доимий ўтказиб борилишига келишиб олинди.