Келгуси ҳафтада АҚШ Давлат департаменти делегацияси Ўзбекистонга келади
Элчи Жавлон Ваҳобов АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси вазифасини бажарувчи, Давлат департаментининг Халқаро жамоатчилик билан алоқалар бюроси раҳбари Элизабет Трюдо билан учрашиб, Ўзбекистон-Америка ҳамкорлигининг долзарб масалалари, миллий кадрлар салоҳиятини ривожлантириш бўйича қўшма дастурлар кўламларини кенгайтириш, шунингдек, унинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА.
Америка томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурига юқори баҳо берар экан, жорий йил 3-6 октябрь кунлари АҚШ Давлат департаменти делегацияси мамлакатимиздаги ўзгаришларнинг самаралари билан танишиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф билан бориши режаштирилаётганини маълум қилди. Бундан ташқари, Элизабет Трюдо ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини ва республиканинг инсон салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга оширишни муҳокама қилиш ниятида эканлигини ҳам айтди.
Хусусан, Америка делегациясининг Ўзбекистонда бўлиши давомида Олий Мажлис, Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, мамлакатимиз олий ўқув юртларида учрашув ва музокаралар, шунингдек, Жиззах ва Тошкент вилоятларига ташрифлар режалаштирилган.
Учрашув якунлари бўйича Давлат департаменти вакили барча соҳаларда икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатдан ривожлантиришга хизмат қилувчи давлат раҳбарлари ва алоҳида соҳалар раҳбарлари даражасидаги Америка делегацияларининг Ўзбекистонга ташрифини кенгайтиришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз: Элизабет Трюдо етакчи дипломат бўлиб, аввал Шимолий Ирландия ва Покистондаги АҚШ Бош консули, АҚШнинг НАТОдаги миссияси маслаҳатчиси, АҚШнинг Жанубий Африкадаги миссияси матбуот атташеси, Давлат департаменти матбуот ишлари бўйича директори лавозимларида ишлаган. Ҳозирги лавозимига қадар у Мудофаа вазирининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.