Кенгаш ишламаса, бошқалардан нима кутиш мумкин?

Тўйлар масаласи “Зарафшон” газетасида икки ойдирки муҳокама қилиб борилмоқда. Назаримда, ҳамон бу борада Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори нега ижро қилинмаётгани эътибордан четда қолмоқда. Зотан, қарорга кўз югуртирган одам жуда ўринли ва қулай тартиблар белгиланганига гувоҳ бўлиши мумкин.
Қўшма қарор уч бобдан иборат бўлиб, битта бобда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда жамоатчилик ва давлат назорати белгиланган. Жами 8 банддан иборат учинчи бобда бу борада тегишли идора ва ташкилотлар олдида турган вафалар аниқ қайд қилинган.
Демак, тўй, маърака-маросимлар ҳамон тартибга олинмаётгани ёки қўшма қарордаги 2 та боб ёки 11 банддаги талабларга риоя қилинмаганининг асосий сабаби назорат йўлга қўйилмаганлигида. Келинг, оддий мисолни олайлик. Тўйдаги дабдаба ва ортиқча харажатлар қаерда бўлади? Табиийки, тўйхонада.
Балки шунинг учун қарорда тўйхона масаласи алоҳида ўрин эгаллайди. Мисол учун, тўйхона, кафе ва ресторанларда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда:
- тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар иштирокчилари сонига, уларни ўтказиш вақтига қатъий риоя этиш;
- атрофда яшовчи аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини ҳамда маиший шовқинга қарши кураш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни бузмаслик;
- озиқ-овқат маҳсулотлари сифат сертификати талаблари даражасида бўлиши ҳамда санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш лозим.
Тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 нафар ва ундан ортиқ шахслар иштирокида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш учун тадбир ўтказувчи шахс ҳамда тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ўртасида шартнома тузилади. Шартномада томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш ва хизмат тури, тўлов, харажатлар миқдори, тадбир иштирокчилари сони, муддати ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талаблар кўрсатилади.
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатади.
Қонун ҳужжатларида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатганлиги учун бир неча бараварга оширилган миқдорда солиққа тортиш тартиби белгиланиши мумкин.
Хўш, амалда бу талаблар бажариляптими? Афсуски, йўқ. Савол туғилади, қонун кучига эга бўлган ҳужжатда белгиланганидек, нега тўйхона эгалари ўртасида учрашувлар ва тушунтириш ишлари олиб борилмаяпти? Бу вазифа берилган солиқ идоралари ва савдо-саноат палатаси нега уни ижроси билан шуғулланмаяпти? Чунки ҳар чоракда улардан ҳудудий Кенгашлар ҳисоб сўрамаяпти.
Назаримда, масалада иш олдинга силжиши учун аввало, ҳудудий Кенгашлар фаолият кўрсатса етарли. Бу ўз навбатида механизмнинг қолган мурватлари “қимирлаши”ни таъминлайди. Аслида ҳам қарорда биринчи навбатда ҳудудий комиссияларга топшириқ берилган.
Шу ўринда яна бир гап – депутатлик назорати натижалари бўйича маҳаллий урф-одатлар, миллий анъаналардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан тегишли ҳудуддаги тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ бошқа қўшимча талаблар ҳамда тавсиялар белгиланиши мумкин.
Амалиётда асосан Самарқанд шаҳри ва унга туташ ҳудудлар, шу билан бирга Ургут туманида дабдаба ва ортиқча удумларни кузатиш мумкин. Мисол учун, Нарпай ёки Пахтачи туманларида қайд қилинган ҳудудлардагидан одми тўйлар ўтказилади. Маърака-маросимлар масаласида ҳам шундай дейиш мумкин.
Демак, ҳудудий Кенгашлар масаланинг бу томонларини ҳам чуқур ўйлаб кўришлари зарур ва шарт.
Ёқубжон МАРҚАЕВ.