Кейинги йилларда Ўзбекистонда одам савдоси 6 баробарга камайди
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда республика Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти масъул ходими Наргиза Ҳожибоева маълум қилди.
- Таҳлилларга кўра, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2020 йилда 2012 йилдагига нисбатан олти баробарга камайган, - деди Н.Ҳожибоева. - Яъни, 2012 йилда одам савдоси билан боғлиқ 574 та жиноят содир этилгани аниқланган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 94 тани, 2020 йилда 74 тани ташкил этди.
Шунингдек, Тергов департаменти масъул ходими чақалоқ савдосига сабаб бўлаётган омилларни ҳам санаб берди. Унга кўра:
- боланинг онаси ижтимоий ҳимояланмагани ва моддий эҳтиёжлари таъминланмаганлиги;
- турмушга чиқмаган аёллар ҳомиладор экани ҳамда чақалоқни оиласидан яширишга уриниши;
- фарзанд кўрмаган оилалар томонидан чақалоқ асраб олишга эҳтиёж мавжудлиги;
- чақалоқ савдосининг олдини олишга қаратилган мукаммал ҳуқуқий асоснинг йўқлиги.
Маълумот ўрнида: 2017-2020 йилларда ўтказилган тезкор тадбирлар доирасида Ўзбекистонда чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185 та ҳолат аниқланган.