Кичик саноат зоналари: имтиёз ва енгилликлар меваси шуми?
Президент ва ҳукумат қарорларига асосан вилоятимизнинг 14 ҳудудида 19 та кичик саноат зоналари ташкил этилиб, 115,8 гектар ер майдони ажратилган. Уларга солиқ, божхона ва бошқа имтиёзлар берилган, тадбиркорларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотини экспорт қилиши учун етарлича шароит яратилган. Бироқ, вилоятимизда кичик саноат зоналари салоҳиятидан самарали фойдаланилмаяпти. Кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши томонидан 71,2 миллион АҚШ долларилик 103 та лойиҳа маъқулланиб, 46,8 гектар майдонга жойлаштирилган, аммо ажратилган майдонларнинг 69 гектар қисми учун таклифлар киритилмаган.
Маъқулланган 103 та лойиҳанинг 48 таси жорий йил биринчи чораги давомида ишга туширилиши режалаштирилганди, аммо уларнинг 21 таси амалга оширилди, холос. Белгиланган лойиҳалар бўйича Самарқанд, Пайариқ, Оқдарё, Паст Дарғом туманларида 1 тадан, Пахтачи ва Нурободда 2 тадан, Каттақўрғон шаҳрида 3 та, Нарпай ва Қўшработда 5 тадан, умумий ҳисобда 3,9 миллион долларлик лойиҳалар ишга туширилган. Умумий ҳисобда режалаштирилган 62 та лойиҳада муаммолар аниқланган. Жумладан, 30 та лойиҳада қурилиш ишлари кеч бошланган, 13 тасида бу ишлар тўхтаб қолган, 10 та лойиҳа учун ҳали қурилиш ишлари умуман бошланмаган, 9 та субъектда банк кредити билан боғлиқ муаммо юзага келган.
- Лойиҳаларнинг ўз вақтида ишга туширилмаётганига бир қанча омиллар сабаб бўлмоқда, - дейди вилоят кичик саноат зонаси дирекцияси директори вазифасини бажарувчи Улуғбек Суюнов. – Режага асосан ишлаб чиқариш майдонларида электр таъминотини яхшилаш учун 17 дона трансформатор ўрнатилди, 5,35 километр электр тармоғи тортилди, бироқ ҳали фойдаланиш учун рухсатнома берилмади. Газ тармоқлари тортиш ишлари тўлиқ амалга оширилган бўлса-да, белгиланган 10,7 километр йўлнинг 5,4 километри таъмирланди, 17 та ҳудудда 5,9 миллиард сўмлик 6 та сув иншооти қуриш ишлари вилоят инжиниринг компанияси томонидан олиб бориляпти.
Яна бир масала. Кичик саноат зоналарида импорт ўрнини босадиган экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини жойлаштириш, ҳар бир инвестиция лойиҳасининг қиймати энг кам иш ҳақининг 2000 баробаридан кам бўлмаслиги белгиланган бўлса-да, жойларда бу масалага жиддий эътибор қаратилмаяпти. Оқдарё туман Бошдархон кичик саноат зонаси учун 46,3 гектар ер майдони ажратилган, аммо унинг 34,9 гектарида зона иштирокчиси бўлмаган 13 корхона олдиндан фаолият юритиб келмоқда. Қўшработ туманида эса ажратилган майдонда иккита аҳоли хонадони жойлашган, шунингдек, туман ҳокимининг 2019 йил 20 мартдаги огоҳлантириш хатига қарамасдан “Нақшбанд қурилиш савдо” хусусий корхонаси ноқонуний фаолият юритмоқда.
Кичик саноат зоналарида олиб борилаётган ишларни кўздан кечириш мақсадида Пахтачи туманида бўлдик. Туманнинг Фай маҳалласида жойлашган ишлаб чиқарувчилар масканида 3 та лойиҳа амалга оширилиб, 38 та иш ўринлари яратилган. Манзилга бориш учун мўлжалланган йўлни, очиғи, шудгордан фарқлай олмадик, электр таъминотида узилишлар кузатилди.
- 15 сотих майдонда 150 минг АҚШ доллари миқдоридаги ўз маблағимиз ва “Микрокредитбанк” туман филиалининг 90 миллион сўм кредити ҳисобидан 10 хил диаметрдаги полиэтилен қувурлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик, - дейди “Далер Пласт” хусусий корхонаси раҳбари Жавлон Ортиқов. – 8 нафар ишчимиз бор. Маҳсулотни Қашқадарё, Сурхондарё ва Навоий вилоятларига буюртма асосида етказиб беряпмиз. Замон талабидан келиб чиқиб, пахта майдонларини томчилатиб суғориш учун қувурлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш ҳаракатидамиз. Аммо электр таъминотидаги узилишлар катта зарар келтираётган бўлса, ичимлик сувини 8 километрдан ташиб келиш анча вақт талаб қилмоқда.
Аслида, кичик саноат зоналари тадбиркорларга қўшимча қулайлик ва имконият яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва шу орқали ҳудуд саноат салоҳиятини ошириш, иқтисодиётини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилмоқда. Бу тизим мамлакат иқтисодиёти ривожига хизмат қилиши кўзда тутилган. Афсуски, ҳозирча барча жойда ҳам бу мақсадга эришилгани йўқ. Демак, туман, шаҳар ҳокимлари, мутасаддилар ушбу масалага алоҳида эътибор қаратишлари керак бўлади.
Ўктам Худойбердиев.