Киокушинкай, муайтай ва дзюдо турининг бирлашган жанг санъати - Ўзбекистонда
Ушбу уч спорт турини бирлаштирган жанг санъати кудо дейилади. Бу японча спорт тури бўлиб, кўпроқ Япония, шунингдек Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва айрим Европа давлатларида ривожланган.
Самарқанд шаҳрида ушбу спорт тури билан шуғулланаётганлар талай. Шу боис ушбу спорт тури асосчиси Азума Такаши хотирасига бағишланган кудо бўйича вилоят чемпионати ташкил этилди.
Мусобақада 6 ёшдан 18 гача бўлган 100 нафар ёшлар ва ундан катта спортчи ғолиблик учун беллашди. Мусобақа жараёнларини асли самарқандлик бўлган олтинчи дан қора белбоғ соҳиби, халқаро тоифадаги ҳакам Азам Камилов кузатиб борди.
Беллашув якунида энг кўп медални Самарқанд шаҳрининг “Мароқанд” спорт клуби спортчилари эгаллади. Иккинчи ўринни Самарқанд тумани, учинчи ўринни Паст Дарғом тумани ёшлари эгаллади.
Яқинда Самарқанд шаҳрида кудо аралаш жанг бўйича республика чемпионати ўтказилиши режалаштирилган. Ҳозирда, туманларда селекция ишлари олиб борилиб, бу спорт турига қизиқувчи ёшлар сараланмоқда. Тажрибали мураббийлар ҳам жалб этилмоқда. Келгусида туманларда ҳам мазкур спорт тури бўйича бўлимлар очиш режалаштирилган.
Мунис Гулямов.
***
Баскетбол
Самарқанд шаҳрида баскетбол бўйича 2005-2006 ва 2007-2008 йилларда туғилган қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионатининг иккинчи тур баҳси бўлиб ўтди.
Республиканинг турли ҳудудидан келган тажрибали 17 жамоа баскетболчилари ўзаро майдонда баҳс олиб борди. Муросасиз кечган беллашувнинг кейинги тур мусобақасида 9 та катта ва кичик ёшдагилар жамоаси асосий ўринлар учун баҳс олиб боради.
Кейинги босқичда вилоятимиз шарафини Самарқанд шаҳар 1-сон боалалар-ўсмирлар спорт мактаба жамоаси ҳимоя қилади.
***
“Қувноқ стартлар”
Самарқанд шаҳрида вилоятдаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчилари ўртасида “Қувноқ стартлар” спорт мусобақасининг вилоят босқичи финал ўйинлари ўтказилди.
Мусобақаларнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган тўртта жамоа финал босқичида беллашди.
Мусобақа якунида Оқдарё тумани жамоаси биринчи ўринни эгаллаб мусобақанинг республика босқичи йўлланмасини қўлга киритди. Иккинчи ўрин пайариқликларга, учинчи ўрин Тойлоқ ҳамда Самарқанд тумани жамоаларига насиб этди.
***
Юнон-рум кураши
Паст Дарғом туманида 2008-2010 йилларда туғилган ўғил болалар ўртасида юнон-рум кураши бўйича вилоят биринчилиги ўтказилди.
Мусобақада вилоятимизнинг шаҳар ва туманларидан келган 200 нафарга яқин ёш полвонлар гиламда ғолиблик учун курашди.
Умумжамоа ҳисобида пастдарғомликлар 4 та олтин, 2 та кумуш, 6 та бронза медалига эга бўлди. Иккинчи ва учинчи ўрин Самарқанд спорт якка кураши бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби спортчиларига ҳамда оқдарёлик курашчиларга насиб этди.
***
Ўзбек жанг санъати
Самарқанд шаҳрида “Ўзбек жанг санъати” бўйича болалар ва ўсмирлар ўртасида вилоят чемпионати ўтказилди.
Унда вилоятимизнинг барча ҳудудидан 280 нафарга яқин 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўзбек жанг санъати усталари беллашди.
Якунда умумжамоа ҳисобида Самарқанд шаҳри жамоаси спортчиларининг қўли баланд келди. Каттақўрғон тумани жамоаси иккинчи ва пастдарғомликлар учинчи ўринни эгаллади.
***
Таэквондо-ВТФ
Самарқанд шаҳар 2-сон БЎСМ “Сартепо” спорт мажмуасида “Ёз-2021” мусобақалари доирасида таэквондо-ВТФ бўйича 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар ўртасида 2-сон БЎСМ очиқ биринчилиги мусобақаси ўтказилди.
Мусобақада 130 нафар мезбон спортчидан ташқари, Тошкент ҳамда Навоий вилоятидан ҳам спортчилар иштирок этишди.
Беллашув якунига кўра, умумжамоа ҳисобида самарқандлик таэквондочилар энг кўп медалга эга чиқди. Иккинчи ва учинчи ўрин тошкентлик ва навоийликларга насиб этди.
Ҳусан Элтоев.