Кластерлар қишлоқ хўжалиги ривожида қачон локомотивга айланади?

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд вилояти Матбуот уйида “2019 йил қишлоқ хўжалиги мавсуми якунлари, вилоят аҳолисини арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда кластер тизимининг афзалликлари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан тасдиқланган режа асосида ташкил этилган тадбирда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Абдумажид Нурқулов дастлаб 2019 йилда вилоятда пахта, ғалла, мева-сабзавот, узум ва чорва маҳсулотлари етиштириш, уларни қайта ишлаш, ички ва ташқи бозорга чиқариш ҳамда интенсив боғлар яратиш борасида амалга оширилган ишлар, соҳада 2020 йилда бажарилиши лозим бўлган вазифа ва истиқболли лойиҳалар хусусида маълумот берди.

- Бугун кўрилаётган мавзу иқтисодиётимиз ва халқ фаровонлигини белгиловчи асосий омиллардан бири ҳисобланади, - деди А.Нурқулов. – Негаки, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мўл, сифатли, ички ҳамда ташқи бозор талабларига мос равишда етиштириш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан, жорий йилда вилоятимизда бу борада амалга оширилган саъй-ҳаракатлар туфайли умумий ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари талабга нисбатан анча кўп бўлди. Масалан, ғалладан олинган ялпи ҳосил 664,8 минг тоннани ташкил этди ёки фермер хўжаликлари томонидан давлатга шартномадаги 318,4 минг тонна ўрнига 364,3 минг тонна ғалла сотилди. Гарчи пахта етиштириш оғир кечган бўлса-да, ғалвир сувдан кўтарилган бугунги кунда тармоқдан 103 миллиард сўм даромад олинди. Мева-сабзавот, полиз, чорва ва парранда маҳсулотлари, узум, картошка етиштириш натижалари ҳам салмоқли.

Бироқ бу натижалар билан кифояланиб қолинаётгани йўқ. 2019 йил давомида қишлоқ хўжалигининг 9 та йўналиши бўйича қиймати 2,4 триллион сўм бўлган 731 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада 2,9 минг гектар майдонда интенсив боғ, 233 гектар майдонда балиқчилик ҳавзалари, 3,5 минг қути асалари оиласи, 252 гектар ерда замонавий иссиқхона, 178 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш қувватига эга корхоналар ишга туширилди. Бу эса келгусида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни ва қайта ишлаш даражасининг сезиларли равишда ошишини таъминлайди.

Шунингдек, матбуот анжуманида кластерлар вилоятимиз қишлоқ хўжалиги ривожида локомотивга айланиши, тизимнинг афзалликлари, унинг пахтачилик, ғаллачилик ва мева-сабзавот етиштиришда кенг қўлланилаётгани, дастлабки самаралари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Анжуман давомида журналистларнинг мавзу билан боғлиқ саволларига батафсил жавоблар қайтарилди.

Акрам БЎРИЕВ.