Кўчада қолаётган талабалар
Таҳририят жойлашган маҳалла ўқиш бошланиши билан гавжум гўшага айланади. Эрталаб ўқишга шошаётган ва тушдан сўнг қайтаётган талабаларга дуч келиб қолаверасиз. Гап шундаки, мазкур ҳудуд бир нечта олий таълим муассасаларига яқин бўлгани учун ижара уйлар кўп. Йўлкирага пул сарфламаслик, дарсга ўз вақтида етиб бориш учун шу атрофдан ижарага уй изловчилар жуда кўп.
Айниқса, кейинги йилларда ижара уй сўровчилар сони янаям ортди.
Кеча кечки еттиларда ишдан чиқиб, бекатга қараб йўл олгандим, уч йигит «Ижарага қўядиган танишларингиз йўқми, мабодо, опа?», дея саволга тутиб қолишди. Навоийдан келишган экан.
- Ижара уйлар шу атрофда кўп-ку, суриштирмадингизми?
- Тўғри, бор, лекин бу ерда уч метрга тўрт ҳажмли битта хонага олти кишигача жойлаштиришяпти. Санитария ҳолати ҳам яхшимас. Яна шу аҳволдаги уйларга ҳар бир боладан ойига 250 минг сўм сўрашяпти. Бунақа хонада дарс тайёрлаш тугул ортиқча ҳаракат ҳам қилиб бўлмайди, дея куюниб гапириб берди Шоҳжаҳон исмли йигит.
Савол – жавоб орасида уларнинг грант асосида тиббиёт институтига талабаликка қабул қилингани, иккаласининг ҳам кам таъминланган оила фарзанди эканлиги маълум бўлди. Бирови отасиз ўсган, яна бирининг эса оиласи қийинчилик билан кун кечирар экан.
- Онангиз «Аёллар дафтари» рўйхатида бўлса, қолаверса, бошқа вилоятдан келган, талабалар биринчи босқич ётоқхонада яшашлари мумкинку?
- Билмадик, бизга бу ҳақда ҳеч ким маълумот бермади, - дея елка қисади йигитлар.
Тўғриси, яқиндагина ўғлим юртимиздаги олийгоҳларда амалга оширилаётган 2+2 дастури бўйича Белорусда ўқишга кетгани учун, эндигина оила бағридан чиқиб, бошқа вилоятга йўл олган йигитларнинг қийин вазиятга тушиб қолганини кўрганимда кўнглим алланечук бўлди.
Кутиб олишдан жойлашганча…
Мен ҳам барча оналар қатори ўғлимни бошқа давлатга минг хавотир билан кузатдим. Ахир биринчи марта четга чиқаётган бўлса, ўқиш жойини қандай топиб боради, қандай шароитда яшайди, деган саволлар хавотир қаршисида қолдим. Самолётдан тушгач, дарҳол етиб боргани тўғрисида хабар, бироз муддат ўтиб эса жойлашгани ҳақида видеохабар жўнатди.
Ўғлимнинг айтишича, уларни ўзлари таҳсил олиши керак бўлган институтдан волонтёр йигитлар кутиб олгач, автобусда институт ётоқхонасигача олиб бориб, жойлаштиргач, ушбу давлатда улар билиши лозим бўлган энг зарур қоидаларни тушунтириб ўтган. Шу тариқа ортиқча саволга ўрин қолдирмай, ўзбекистонлик йигитлар жойлашиб, хотиржамлик билан 1 сентябрь куни дарсларга қатнай бошлашди.
Мавзуга мос бўлгани учун ётоқхонадаги баъзи шарт-шароитларга ҳам тўхталиб ўтсам. Икки, уч кишилик хоналарда замонавий каравот, дарс тайёрлаш учун стол-стул, кийим ва китоб жавони бор. Ҳар беш кишилик бўлмаларда иссиқ совуқ сув билан таъминланган ҳожатхона, душхона мавжуд. Кўрпа, кўрпачалик жилдлар, дераза пардалари ҳам бор. Ўн қаватли ётоқхонанинг ҳар бир қаватида ошхона, қолаверса, умумий фитнес зали ҳам талабалар ихтиёрида экан. Ушбу шароитлар учун ҳар бир талаба ойига 45 АҚШ доллари миқдорида маблағ тўлаши лозим. Хонасига музлаткич олиб кириш учун ойига 5 АҚШ доллари, кир ювиш машиналаридан фойдаланиш ҳам ойига тахминан шунчадан тушади. Ётоқхона шаҳар марказида, ўқиш жойига яқин. Ёнгинасида талабалар учун арзонлаштирилган ошхона фаолият кўрсатади.
Билишимизча, мазкур ётоқхона маҳаллий муниципалитетга тегишли бўлиб, талабалар учун имтиёзли яшаш жойи сифатида кўрилади.
Шундан сўнг интернет орқали бошқа ҳудудлардаги ётоқхоналар ҳақида маълумот изладим. МДҲ давлатларининг баъзиларида аллақачон арзон, ижтимоий ётоқхоналар қурилиши оммалаштирилган ва талабалар ҳам, уй-жойга муҳтож аҳоли ҳам бу имкониятдан кенг фойдаланади. Улардаги шарт-шароитлар юқорида мисол келтирганим Белорусдаги сингари.
Квоталар ошган, ётоқхоналар эса йўқ
Ҳали 2020 йилдаёқ талабалар ётоқхонаси муаммоси ҳукумат даражасигача кўтарилиб, мамлакатимиз раҳбари томонидан бу борада тегишли топшириқлар берилганди. Хусусан, мамлакатда 170 та ётоқхона қурилиши кераклиги ҳақида бонг урилганди.
Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов бундан бир неча ой аввалги чиқишларидан бирида ётоқхоналардаги муаммолар ҳақида гапира туриб, қуйидаги фикрларни билдирган:
«Олий таълим муассасаларига қабул квоталари 2-3 баробарга кўпайгани ҳолда ётоқхонадаги жойлар сони бор-йўғи 25 фоизга ортган. Бюджет маблағларидан талабалар ётоқхоналари қуриш учун субсидия ажратилади ҳамда 2022-2025 йилларда қатор вазирликлар билан келишилган дастур асосида ётоқхоналар қурилади. Шунингдек, олий таълим институтларга яқин ҳудудлардаги, тўлиқ фаолият олиб бормайдиган коллежларнинг ётоқхоналарини ҳам институт тасарруфига ўтказиш режалаштирилган.
Алоҳида таъкидлаш керакки, 400 ўринли битта талабалар ётоқхонасини сақлаш учун 600 миллион сўм маблағ сарфлангани ҳолда, талабалардан тушадиган маблағ 290 миллион сўмни ташкил қилади. Тадбиркорларни ётоқхоналар қуришга жалб қилишнинг мураккабликлари кўп. Бунинг учун ушбу бизнес турига қўшимга имтиёзлар берилиши лозим.
Мамлакатимиздаги 132 та олий таълим муассасаларининг фақат 34 тасигина ўзини ўзи молиявий қоплаган ҳолда фаолият кўрсатади. Қолганлари бюджетдан пул олиб, зарарига ишлайди. Масалан, санъат соҳасида таълим олаётган битта талабага ушбу таълим муассасаси 23 миллион сўм сарфлагани ҳолда, шартнома асосида ўқийдиган талаба 5,7 миллион сўм тўлайди.
440 ўринли битта ётоқхона қуриш учун эса 22,5 миллиард сўм маблағ талаб этилади. Ҳозирда икки ярусли ётоқхоналар қурилиши лойиҳаси ишлаб чиқилиб, у нисбатан арзонроқ, 16 миллиард сўм маблағни талаб этади».
Самарқанд ветеринария медицинаси институти ётоқхонаси нега ҳанузгача тайёр эмас?
Бугунги кунда Самарқанд давлат университетида давлат - хусусий шериклик асосида ётоқхонада қурилиб, яқин кунларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда. Нархи оддий ётоқхонаникидан бирмунча баланд бўлиши кутилаётган мазкур ётоқхона барча замонавий шарт-шароит яратилади. Таъкидлаш керак, Самарқанд давлат университетида 7 та ётоқхона мавжуд. Аммо ҳамон эҳтиёж катта.
Тест натижалари бу йил кеч эълон қилинганлиги туфайли талабаларни ётоқхоналарга жойлаштириш масаласи ҳам бирмунча орқага сурилмоқда. Сабаби, аввало биринчи босқич талабаларни ётоқхонага жойлаштириш муҳим. Шунингдек, имконияти чекланган талабалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, бошқа вилоятдан келган ёшларнинг ётоқхонага жойлашиш учун кўпроқ ҳаққи бор.
Аммо қизиғи, Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг ётоқхонаси ҳанузгача таъмирдан чиқмаган, октябрь ойида иш бошларкан. Ётоқхона масаласи йилдан-йилга долзарб бўлиб турган пайтида ушбу институтдаги бундай ҳолатни қандай баҳолаш мумкин?
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг талабалар турар жойи капитал реконструциядан сўнг 250 ўриндан 375 ўринга кенгайтирилган.
Ягона ечим…
Умуман, барча олий таълим муассасалари айни кунларда ётоқхонага кучли эҳтиёж сезмоқда. Масалага ечим сифатида ҳозирча Президентимизнинг “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чоралари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси қаралмоқда.
Унга кўра, давлат олий таълим муассасаларида талабалар турар жойларини қуриш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этишнинг давлат-хусусий шериклик асосидаги тизими жорий этилади.
2021 – 2025 йилларда олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш дастурига кўра, 2021 – 2025 йилларда тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантиришнинг тасдиқланган концепциялари ва дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуриладиган талабалар турар жойлари рўйхати тузилиши, 2021 – 2025 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар; давлат-хусусий шериклик асосида талабалар турар жойларини қуриш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этиш лойиҳаларини махсус ҳисобварақдан кредит билан таъминлаш ҳамда давлат шериги маблағлари ҳисобидан қисман молиялаштириш тартиби тўғрисида низом тасдиқланади.
Жой тополмаганлар кўчада тунайдими?
Жараён энди бошланди, ҳозирча бу ҳақда бирорта институт мутасаддиси аниқ фикр билдиришни истамаяпти. Аммо ҳар бир олий таълим муассасаси ҳеч бўлмаса бошқа вилоятдан келган талабалар билан алоҳида учрашув ташкил қилиб, уларга мавжуд вазиятни, шарт-шароитни тушунтириши керак эмасми?
Навоийлик йигитлар каби бугун Самарқандда қанчадан-қанча йигит-қизлар бошпана излаб сарсон юрганини кўпчилик билади. Яхши биласиз, Самарқандда имтиёзлар асосида ўтган йиллар давомида юзлаб оилавий меҳмон уйлари очилганди. Хорижлик сайёҳларнинг пандемия муносабати келиши кескин пасайгани туфайли бугун ушбу меҳмон уйлари бўшаб ётибди. Эҳтимол олий таълим муассасалари улар билан вақтинча бўлса-да, шартнома имзолаши ҳам мумкиндир.
Эҳтимол, вақти келиб бизда ҳам ижтимоий ётоқхоналар қурилишига алоҳида эътибор қаратилар. Нафақат талабалар, балки кам таъминланган оилалар учун ҳам жуда муҳим саналган бундай турар жойлар ҳақида аниқ лойиҳалар МДҲ мамлакатларида аллақачон натижасини бераётир.
Мақолани тугатар эканман, қоронғу тушиб қолганда қаерга боришни билмай сарсон юрган йигит-қизлар хаёлимдан кетмади… Уларнинг қанчаси қаерда тунаб қолган бўлиши мумкин?
Гулруҳ МЎМИНОВА.