«Кўчада қолган» бозор

Бозор – одамларнинг истеъмол маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш билан бирга маҳаллий аҳолининг савдо маданиятини ҳам белгилаб беради. Қолаверса, бозорлар бюджетга энг кўп нақд пул тушумини таъминловчи маскан ҳам ҳисобланади. 

Ҳозирда вилоятимизда 58 та деҳқон бозори ва савдо комплекси фаолият юритмоқда. Уларнинг аксариятида қурилиш-таъмирлаш, замонавий қиёфага келтириш ишлари олиб борилмоқда.

Оқдарё туманида “Оқдарё деҳқон бозори” ва “Оқдарё савдо комплекси” масъулияти чекланган жамиятлари ва ҳар икки бозорнинг Янгиқўрғон филиаллари ташкил этилган. Ҳафтанинг пайшанба кунлари ташкил этиладиган Янгиқўрғон бозорида бўлдик. Ушбу бозор ва у ердаги тартибсизлик, антисанитария ҳолатлари тўғрисида 2017 йилда мақола чоп этгандик, тўғриси, шунча вақтдан буён бу ерда деярли ҳеч нарса ўзгармабди.

Бу бозор асфалт йўлдан бошланади. Сотувчилар бозорда жой етмаганиданми ёки бошқа сабабми маҳсулотини катта йўл устига ёйиб сотади, Иштихон ва Оқдарё туманларига ўтувчи автомашиналар шу куни йўлдаги ёйма савдо оралаб ҳаракатланади.

 Сотувчи 10 минг сўм “чек” беради, бозор раиси 5 минг сўм олади.

Қай бири рост?

- Бозор учун жами 3 гектар ер майдони ажратилган, “Микрокредитбанк”нинг туман филиалидан 350 миллион сўм кредит ва жамиятнинг 150 миллион сўм  маблағи ҳисобидан 1,5 гектар майдонда мол бозори қурилиб, жорий йил октябр ойида фойдаланишга топширилди, - дейди “Оқдарё деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамияти раиси Восид Усмонов. – 1200 бош қорамол сиғимига эга бўлган бозорда парранда ва чорва моллари учун 2 минг сўмдан 22 минг сўмгача кунлик патта пули олинади. Ҳозирда ўртача 500-600 га яқин қорамол келтирилмоқда. Йил якунигача замонавий лойиҳа асосида 1,5 гектар майдонда қурилиш корхонасининг ўз маблағи ҳисобидан янги деҳқон бозори қурилиши режалаштирилган. Ҳозир деҳқон бозорида 230-250 та савдо ўрни бор ва улардан 3500 сўмдан 5000 сўмгача патта пули олинади. Бир кунлик бозор давомида сотувчилардан 800 минг сўмдан 1 миллион сўмгача патта пули йиғилади. “Лойиш деҳқон бозори”да эса 420 та савдо ўрни бор, аммо ҳозирда бозорга 70-100 нафар сотувчи келади ва улардан кунига жами 600-700 минг сўм патта пули олинади. Лойиш шаҳарчасида автомобилларни тартибга солиш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Мустақиллик маҳалласидан “Лойиш деҳқон бозори” учун 8 гектар ер ажратилиб, ёпиқ бозор қурилмоқда. Бозор ишга тушгач, у ерда 2 мингга яқин савдо ўрни яратилади. Ойига 110 миллион сўм савдо тушуми режаси белгиланган ва ҳар ойда бюджетга тушум таъминлаяпмиз.

Бозор раҳбари айтганидек, кам сотувчи ва “камтаргина” патта пули билан бу тушумни йиғиш мумкинми-йўқми, буни иқтисодчилар аниқроқ ҳисоблайди. Лекин бозор расталарида савдо қилаётган сотувчилар билан суҳбатлашганимизда кунига 10,12 ва ҳатто 15 минг сўмгача кунлик патта пули тўлашларини айтишди.

  “Оқдарё савдо комплекси” масъулияти чекланган жамияти асосан тадбиркорлар билан ижара шартномаси асосида фаолият юритади. Жамият директори Тўлқин Якубовнинг айтишича, тегишли қарор асосида 1 метр квадрат майдон учун 9 минг сўмдан, яъни ойига 189 минг сўмлик тўловни амалга оширган ижарачи бозорда пул тўламайди, бошқа жойдан келган сотувчилар эса 7 минг сўмдан кунлик патта пули тўлашади. 100 та савдо ўрнига мўлжалланган бозорда 90 га яқин ижарачи ва 10 та кунлик патта пули тўловчилар бўлади.

- Ҳар чоракда нақд пул тушуми режаси ортиб боряпти, - дейди Т.Якубов. – Масалан, йилнинг биринчи ярмида ойлик режамиз 15 миллион 600 минг сўм эди, шу чоракдан 19 миллион 800 минг сўм бўлди. Натижада октябр ойида 18 миллион 234 минг тушум билан режамиз 94 фоиз кўрсаткичда қолди.

 Бозор раҳбари ёлғончими ёки солиқчи?

Оқдарё туман давлат солиқ инспексияси маълумотларига кўра, туманда 536 та савдо ва хизмат кўрсатиш, 72 та умумий овқатланиш шохобчаси фаолият юритади. Олиб борилган тушунтириш-тарғибот тадбирлари натижасида йил бошидан буён мингга яқин жисмоний ва юридик шахслар тадбиркорлик фаолиятини қонуний тарзда рўйхатдан ўтказган. Савдо фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг нақд пул тушумини таъминлаш борасида назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Савдо тушумлари борасида “Оқдарё савдо комплекси” масъулияти чекланган жамияти йил бошидан буён 86 миллион 930 минг сўм ва  “Оқдарё деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамияти 488 миллион 522 минг 678 сўм бир марталик патта тушуми тўлаган ва белгиланган режани тўлиқ бажарган.  

Бозор директори бу чоракда режа ошиб кетганлиги боис белгиланган миқдордаги маблағни тўлай олмаганлигини айтганди, солиқ идорасида эса режа тўлиқ бажарилиб қолибди. Буни қандай тушуниш мумкин? Тўланган маблағ солиқ идорасига етиб келганча ками тўлиб қолганми ёки идорадагилар камчиликни хаспўшлашга уринишяптими?

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

“Зарафшон” мухбири.