Кўчангизнинг номи нима?
Сўзангарон маҳалласида яшовчи М.Ражабов вилоят ҳокимига мурожаат қилиб, ўзи истиқомат қилувчи Хўжа Муин кўчаси 4 номда юритилиши, бу чалкашлик аҳоли учун маълум қийинчиликлар туғдираётганини баён этган.
М.Ражабов билан суҳбатда у хорижга сафар қилиш учун элчихонага ҳужжат топширганда, уни нотўғри маълумот тақдим этишда айблашган. Чунки маълумотлар базасида хотинининг яшаш жойи кўчанинг эски номи - Ли Жун кўрсатилиб, 40 йил бирга ва бир жойда яшаган эр-хотинни сохта оила эканида гумон қилишиб, чет элга чиқишга рухсат берилмаган.
Ушбу масалани ўрганиш жараёнида ҳақиқатан кўчалар номланиши бўйича муаммолар борлиги маълум бўлди. Масалан, шаҳар ҳокимининг 2011 йил 5 октябрдаги 1709-Қ сонли қарори билан Сўзангарон маҳалласидаги С.Хусенов, М.Шарапов, Х.Саломзода, Яҳё Каримов ва Пирогов кўчалари номи мос равишда Шаҳриобод, Хумо, Олтин водий, Серқуёш ва Оқибат номларига ўзгартирилган. Лекин бу ҳақда маҳалла аҳли маълумотга эга эмас. Ҳатто почта ва ободончилик идораларида ҳам кўчалар эски номда юритилмоқда.
Қоида бўйича кўча номи ўзгарганда кадастр хизмати уни давлат реестрига киритгандан сўнг бу ҳақда тегишли юридик ва жисмоний шахсларга тақдим этади.
Айни вақтда фуқароларнинг яшаш манзиллари бўйича маълумотлар асосан ободонлаштириш бошқармаси, кадастр хизмати ва маҳалла фуқаролар йиғинидан олинмоқда ва улар баъзан бир-биридан фарқ қилади.
Масаланинг ўта аҳамиятли эканини эътиборга олиб, кўчаларни ялпи хатловдан ўтказиш ва бу ишга депутатлар жалб этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳар бир депутат ўз сайлов округи ҳудудидаги 7 тадан маҳаллада хатлов ўтказишга ёрдам кўрсатса, жами маҳалла қамраб олинади.