“Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан  ўтказиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасига таклифингиз борми?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Кадастр агентлиги томонидан “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳанинг мақсади “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қабул қилишдан иборат. Қонун лойиҳаси 9 та боб ва 61 та моддадан иборат бўлиб, унда соҳага оид тушунчалар, ваколатли органлар, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш, маълумотлар тақдим этиш тартиби, рўйхатдан ўтказувчилар мақоми, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш тартиблари ёритилган.

Қонун лойиҳасини қабул қилиш кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ бўлган қоидаларнинг ўзаро мувофиқлаштирилмаганлигини йўқотиш имконини яратади ва атамалар ҳамда тушунчаларнинг бир хиллигини таъминлайди.

Барча ривожланган мамлакатларда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини тартибга солувчи қонунчилик шаклланган ва ушбу қонунчилик асосида ўзларининг рўйхатдан ўтказиш тизимлари яратилган. Чет эл тажрибаси (Россия, Беларусь, Қозоғистон, Украина) шуни кўрсатадики, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳаси алоҳида қонун билан тартибга солинган бўлиб, унда соҳага оид тушунчалар, ваколатли органлар, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш тартиби, рўйхатдан ўтказувчилар мақоми ва бошқа жиҳатлари қонун билан белгиланган.

Лойиҳанинг қабул қилиниши кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши натижасида давлат томонидан кафолатланиши, мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимояланиши, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг қонун билан кафолатланган тартиби ўрнатилиши натижасида кўчмас мулк бозорининг ривожланиши, иқтисодиётга инвестициялар жалб қилиниши ва булар натижасида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг барқарор ривожланиши таъминланади.

Ушбу қонун лойиҳаси бўйича фикр-мулоҳазаларингиз бўлса, https://regulation.gov.uz/ru/d/24013 ҳаволаси орқали фикр билдиришингиз мумкин.