Комилхон Каттаев: Марғинонийнинг қабри Хатирчида экани илмий асосланмаган
Ниҳоят, 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги фонд гранти асосида "Чокардиза" қабристонининг мукаммал тадқиқи ва буюк ҳуқуқшунос Имом Бурҳониддин Марғиноний қабри ўрнини қадимий манбалар асосида аниқлаш, ҳаёти ва фаолиятига доир китоб чоп этиш ишларига киришилди. Натижада жорий йил "Имом Марғиноний ва Чокардиза тадқиқотларидаги хатоликлар ислоҳи" номли асар нашр қилинди ва алломанинг қабр ўрни қадимий ёзма манбалар асосида исботланди. Тадқиқот натижалари Акмал Саидов, Абдулазиз Мансур, Убайдулла Уватов, Зоҳидулла Мунавваров каби устоз олимлар, диний уламолар, масъул идоралар томонидан тасдиқланди.
Марғиноний қабрининг Хатирчида эканлиги билан боғлиқ маълумот фақат тахмин, деб ҳисоблашга асосимиз бор.
Ўзим "Чокардиза" қабристонидан 100 метрча узоқликдаги ҳовлида туғилиб ўсганман. Илмий фаолиятимнинг асосий қисмини шу масканни ўрганишга бағишладим. Шунга қарамай, мавзени яхши биламан, дейишдан ҳамма вақт тийиламан. Бобом, Нақшбандия тариқатининг сўнгги муршидларидан бири Каттахонтўра Даҳбедий (1868-1969 йиллар) Чокардизадаги Имом Мотуридий ва Марғинонийларнинг қабрини XIX аср охирида зиёрат қилган. XX аср бошида ушбу қабрлар устига уйлар қурилганлигини ўз кўзи билан кўрган экан. Лекин бобом ўлимидан олдин бизга қабрлар ўрнида қурилган ҳовлини кўрсатган, холос. Ўша давр самарқандлик олиму зарифлар ҳам бу қабрларнинг аниқ жойини қурилишлар сабаб эсдан чиқаришган.
Шунга қарамасдан, Чокардиза мавзеси геодезия, картография нуқтаи назаридан чуқур ўрганилди, юртимизнинг нуфузли олимлари барча манбаларни текшириб чиқишди. Изланишлар давомида мамлакатимиз ва хориж кутубхоналаридаги юзлаб қадимий қўлёзмалар ўрганилди.
Чамаси, хатирчилик мулла собиқ иттифоқ даврида вайрон қилинган "Чокардиза" қабристони дарагини эшитиб, зиёратга келган ва қадамжо ўрнида уйлар қурилгани туфайли бирорта аллома қабрини тополмаган. Табаррук сифатида тахминий жойдан тупроқ ёки суяклар қолдиқларини йиғиб, Хатирчига олиб бориб, рамзий сағана қурдирган бўлиши мумкин. Вақт ўтиб, мулланинг фарзандлари ёки шогирдлари бу рамзий сағанани имомнинг қабри, деб эълон қилган кўринади.
Комилхон КАТТАЕВ,
тарихчи.