Кўмир саноатининг қисқариши, Россия ва Хитойнинг иштирокдан бош тортиши ва ҳафсаласи пир бўлган БМТ: G20 саммитида нималар тилга олинди?

Чақириқлар жуда кўп, аммо аниқ мажбуриятлар кам. G20 иқлим ўзгариши бўйича музокаралар шу тариқа якунланди. Якуний декларацияда саммит иштирокчилари сайёрадаги ўртача йиллик ҳароратни саноатдан олдинги даврга нисбатан 1,5 даражадан ошишига йўл қўймаслик ниятида эканликларини тасдиқлашди.

Энг кескин чора - кўмир энергетикасига халқаро инвестициялар киритишни чеклаш бўлди. Италия бош вазири Марио Драгининг сўзларига кўра, ҳатто бундай декларацияни ҳам мувофиқлаштириш осон бўлмади:

“Саммитнинг муваффақияти нимада? Хўш, G20 мамлакатлари бир қатор тезкор ҳаракат ва ўрта муддатли мажбуриятлар орқали 1,5 даража чегарасини сақлаб қолишга ҳаракат қилишга ваъда беришди. Биз эса кўмирни ўтмишда қолдириб, 2021 йилдан бошлаб нотоза кўмирни ёқиш билан боғлиқ лойиҳаларни молиялаштиришни ҳисобга олмаганда, халқаро давлат мажбуриятларидан бошлашга қарор қилдик".

Дунё бўйича чиқариладан чиқинди газларининг 80 фоизи юқоридаги G20 мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Қизиғи шундаки, энг йирик чиқинди чиқарувчи давлатлардан учтаси — Хитой, Россия ва Саудия Арабистони мазкур саммитга қатнашмади. Холбуки шусиз ҳам анжуманнинг самарадорлиги шубҳа остига олинаётган эди. Кўп миқдорда кўмирдан фойдаланувчи яна бир мамлакат — Ҳиндистон ҳам ҳозирча бу ташаббусларга эътиборсиз экани айтилмоқда.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон G20 баёнотини бор-йўғи "мўътадил тараққиёт" деб атади. У БМТнинг Глазгодаги иқлим конференцияси иштирокчиларини янада қатъий чоралар кўришга чақирди:

"Агар Глазго муваффақиятсизликка учраса, ҳаммани муваффақиятсизлик кутади. Париж келишуви биринчи ҳисоб-китобдаёқ парчаланади, иқлим ўзгаришига қарши курашнинг дунёдаги ягона ҳаётий механизми ғарқ бўлади. Ҳозир эса Париж келишуви ва унинг ортидаги умидлар ҳали тўлдириш керак бўлган оппоқ қоғоз холос.

G20ни қатъийроқ чоралар кўришга шунингдек, экофаоллар ва сиёсатчилар чақиришди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш саммит натижалари унинг умидларини оқламаганини билдирди. АҚШ президенти Жо Байден эса иқлим бўйича музокараларга бефарқ бўлган Россия ва Хитойни танқид қилди.

Саммитда қўйилган вазифалар тақдири ҳозирча номаълум, лекин иштирокчиларнинг сайёрани дарахтга буркаш режаси амалга ошишига умид бор. Гап шундаки, «Катта йигирмалик» етакчилари ҳукуматнинг Киджи саройи томонидан тарқатилган саммит якуний декларациясига кўра, 2030 йилгача сайёрада 1 триллион дарахт экишни мақсад қилган. Ҳужжатда: “Биз биргаликда 1000 миллиард дарахт экиш, бунда дунёнинг энг ҳалокатли экотизимларига эътибор қаратиш каби улкан мақсадларга қўшиламиз», дейилади ҳужжатда.