Кўнгил сўраганга нима етсин
Бугун Пахтачи тумани соғлиқни сақлаш тизимида 1400 нафар шифокор хизмат қилади. Уларнинг 30 фоизи нафақа ёшида бўлса-да, ёш ҳамкасбларига ибрат кўрсатиб ишлашаяпти. Айниқса, пандемия шароитида уларнинг касбий тажрибаси, фидойилиги яхши натижа берди.
Шу сабабли туман тиббиёт бирлашмаси бундай фахрийларга иззат-икром кўрсатяпти. Яқинда 20 нафардан ортиқ пенсиядаги шифокорлар ҳолидан хабар олинди, уларга бадиий китоблар улашилди, эсдалик совғалари берилди.
- Мен Қарнаб қишлоқ шифохонасида 35 йил хизмат қилдим, - дейди пенсионер Муҳаббат Фармонова. – Ҳозир уйдаман. Яқинда соҳамиз раҳбарлари шифохонага келиб, барча пенсионерлар билан суҳбатлашди, ҳол-аҳвол сўради, бадиий китоблар совға қилди. Тўғриси, кўнглим тоғдек кўтарилди. Мен ҳам шифохонага келиб, ёш ҳамкасбларимга маслаҳат бериб туришга қарор қилдим.
- Бу хайрли ишни давом эттирамиз, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Шавкат Жабборов. – Энди пенсиядаги ҳамшира ва техник ходимлар билан мулоқот уюштирамиз. Марказий шифохонада фахрийлар учун бурчак қилдик. Унда тизим ривожига хизмати синганлар сурати ва таржимаи ҳоли қўйилган.