Кўп қаватли уйнинг деразасидан тушиб кетган қизалоқ...
1 июнь санаси энди тўрт ёшли Шукрона учун нафақат болаларни ҳимоя қилиш куни, балки иккинчи туғилган куни ҳамдир.
Гап шундаки, шу куни Самарқанд шаҳридаги мактаблардан бирининг 11-синфини битираётган Шоҳрух, Мурод, Озод ва Жасур учун жиддий давр – давлат имтиҳонларини топшириш вақти бошланган эди. Улар биринчи имтиҳонни топшириб, сайр қилишга қарор қилишди ва шаҳардаги кўп қаватли уйлардан бири ёнидаги скамейкада ўтириб, суҳбат қилишди. (Йигитлар шу куннинг ўзида уларни яна бир қийин имтиҳон кутаётганини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган бўлишса керак).
Тўсатдан улар эътиборини турар-жой биносининг тўртинчи қаватидаги ҳаракат ўзига тортди. Диққат билан юқорига қараган йигитлар, боши панжара орасига тиқилиб қолиб, танаси ҳавода осилиб турган кичкина қизчани кўришди.
Ўқувчилардан бири дарҳол қизалоқнинг ота-онасига хабар бериш учун квартира томон югурди, қолган учовлон қизалоқ осилиб қолган балкон остида қўлларини чўзиб, тирик қутқарув панжарасини ясашди.
Ўртоқлардан бири зинапоядан югуриб чиқаётган пайтда, қизалоқ пастга қулаб тушди. Йигитлар уни тутиб олишга муваффақ бўлишди. Кейинроқ аниқланишича, онаси уй ишлари билан овора бўлиб юрган пайтда, Шукрона (исмини ҳам кейин билишди) эшик қулфи бузилиб қолган балконга чиқиб қолган экан.
Қизалоқ пешонасида кичик ёриқ енгил жароҳатини олди. Касалхонада ётқизилганида, тўртта қаҳрамон ҳар куни ундан хабар олиб турди. Ҳозирда Шукрона ўзини яхши ҳис қиляпти.
Қаҳрамонларимиз – Шоҳрух Бобораҳимов, Мурод Саидалимов, Озод Ўткиров ва Жасур Эшназаровлар эса мактабда қолган имтиҳонлардан ўтиб, олий ўқув юртига киришга ҳозирлик кўрмоқда.
Асосийси, улар ҳаётларидаги энг муҳим синовдан аъло баҳо билан ўтиб, Шукронани қутқариб, унинг ҳақиқий қўриқчи фаришталарига айланишди!