Корея боғчасида олий маълумотли тарбиячилар ишлайди: Улар 3000 АҚШ долларигача маош олади

Яқинда  вилоятимиз ҳокими Э.Турдимов раҳбарлигидаги бир гуруҳ ишбилармон ва тадбиркорлар Жанубий Корея Республикасида бўлиб қайтдик. Сафар давомидаги расмий учрашувларда узоқ келажакка мўлжалланган иқтисодий битимлар тузилди.

Ташриф давомида ўз касбим доирасида таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишишга ҳаракат қилдим. Чунки бу мамлакат таълим тизими дунёдаги ривожланган мамлакатлар таълим тизимлари билан рақобатлашиши қаторида айрим хусусиятлари билан биздаги таълим тизимига (одоб-ахлоқ, бола тарбияси, урф-одат ва қадриятларга содиқлик жиҳатлари билан) ўхшаб кетади. Ушбу муассасаларга ташриф буюриш учун юқори ташкилотлардан, яъни мэрия қошидаги таълим муассасалари фаолиятини назорат қилиш органларидан рухсатнома олиш лозим экан. (Таълим муассасаларига ҳатто ота-оналар ҳам рухсатсиз қўйилмас экан).

Ўзбекистон халқига бўлган ҳурмат ва бизга сафар давомида ҳамроҳлиқ қилган Ин Йоунг Йонинг саъй-ҳаракатлари билан Инчхон шаҳрида жойлашган “Global Rainbow kindergarten”  («Катта камалак») мактабгача таълим муассасасига ташриф буюрдик. Муассаса биноси ўзига хос замонавий усулда қурилган бўлиб, шаҳар марказида жойлашган. Бу ерда 500 га яқин бола  тарбияланади. Муассаса фаолиятига доир саволларимизга унинг раҳбари Аелиша Ли хоним шарқона илтифот ва самимий табассум билан жавоб берди.

Муассасага 2-6 ёшли болалар қабул қилиниши белгилаб қўйилган бўлиб, талабгорлар яшаш жойларидан қатъи назар, ўз ҳужжатларини онлайн усулида жўнатар ва болалар компьютер орқали алоҳида дастур асосида танланар экан. Бу усул бизда ҳам қабулда учрайдиган айрим субъектив, салбий оқибатларнинг олдини олади, албатта.  Ота-оналар тўлови ойига 250-300 АҚШ доллари атрофида бўлиб, худди шунча маблағ ҳар бир бола учун давлат томонидан ҳам ажратилади. Таълим муассасалари фаолияти ҳукумат қошидаги таълимни назорат қилиш органлари томонидан назорат қилинар экан.

Болалар ҳар гуруҳда 15-18 нафарни ташкил этиб, уларга олий маълумотли тарбиячилар бириктирилган. Педагог ходимлар, албатта, университетларнинг педагогика йўналиши бўйича 3-4 йиллик курсларини битирган бўлиб, уларнинг билим даражалари махсус аттестация комиссияси томонидан текширилиб, уларга 2-даражали сертификат берилади ва орадан 5 йил ўтгач, биринчи категория учун имтиҳон топширар экан.

Уларнинг ойлик маошлари билим малакаси ва иш стажидан келиб чиқиб 2700-3000 АҚШ долларини ташкил қилади.

Муассасани озиқ-овқат маҳсулотлари билан худди биздаги каби тегишли лицензияга эга бўлган фирмалар таъминлайди.

Муассасада болалар учун ҳар хил қизиқарли машғулотлар, амалий санъат, расм, ашула, спорт, ўқиш, ёзиш ва инглиз тили машғулотлари ўтказилиб борилади.

Бинонинг учинчи қаватида мўъжазгина сузиш ҳавзаси жойлашган бўлиб, ҳар бир тарбияланувчи мунтазам равишда сузиш билан шуғулланади. 

Тарбияланувчиларни муассасага олиб келиш ва кечқурун уйларига олиб бориш махсус транспортларда амалга оширилади.

Жанубий Кореяда ҳам юртимиздаги каби бола тарбияси ўта муҳим эканлигига ишонч ҳосил қилдим.

Сафаримиз давомида диққатимни жалб қилган яна бир  нарса, ҳозирги вақтда ёшлар ўртасида кенг тарқалган “интернетга қарамлик” касаллигининг олдини олиш борасида саъй-ҳаракатлар бўлди. Жумладан, метро вагонларида, ҳар бир ташкилот, корхоналарда ва ҳатто шифохоналарда ҳам кутубхоналар ташкил этилган бўлиб, бу ёшларни интернет-ўргимчак тўридан халос этишда дастлабки қадам бўлиб хизмат қилмоқда. Бу ҳолат ўрганишга арзийди. Худди шунингдек, табиатга бўлган муҳаббат, бир қарич ер ёки ҳар бир дов-дарахт ҳам инсон меҳридан четда қолмаганлиги бизни ҳайратга солди. 

Биз мўъжизавий Кореядаги таассуротлардан қанчалик ҳайратга тушмайлик, она-юрт меҳри ва соғинчи қалбимизни сафаримиз давомида тарк этмади.

Сафар якунида Жанубий Корея билан ҳамкорлик – келажакли ҳамкорликдир, деган хулосага келдим.

Абдумалик Мажидов,

“Самарқанд интеллект” хусусий мактаби директори.