Коронавирус антигени ва антитело тестларининг бир-биридан фарқи нимада?

Бу ҳақда ССВ ҳузуридаги коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева маълумот берди.

Инсон организмида коронавирус мавжудлигини аниқлаш учун антитанани ПЗР тести усулида ёки экспресс-тестлар ёрдамида аниқлаймиз. ПЗР тестида инсоннинг бурун ва бурун-ҳалқум бўшлиғидан суртма олинади. Бу тест усулининг сезувчанлиги 90 фоиз бўлиб, натижалар сонларда келтирилган ҳолда олиниши мумкин.

Коронавирусга қарши антитаналарни аниқлаш учун экспресс-тестлар организмга тушган коронавирусга нисбатан иммун тизимининг курашиш қобилиятини аниқлаш имконини беради. Бунда биз касаллик жараёнини кечув даври, организмнинг вирусга қарши қандай курашаётганини ва ҳосил қилган иммунитет таначаларини баҳолашимиз мумкин.

Бу усулда инсоннинг қон намунаси текширилади. Аммо бу тест натижаларини касаллик диагностика учун ишлата олмаймиз. Чунки организмнинг вирусга нисбатан иммун жавоб реакцияси касалликнинг 7–10-кунлари бошланиши мумкин. Беморларда эса, айниқса, енгил кечираётганларда касаллик аломатлари ўтиб бўлган ва организмдан вирус чиқиб кетган бўлиши мумкин. Касалликни ўрта оғир, оғир ва ўта оғир кечираётган беморларда бу даврда касаллик зўрайиши ва касалхонага тушиб қолиш эҳтимоли юқори бўлади.