Коронавирус инфекцияси билан такрорий касалланиш мумкинми? ЖССТ фикр билдирди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 билан такрорий касалланиш ҳолатларини рад этмайди, бироқ бугунги кунга қадар бундай ҳолатлар жудаям кам қайд этилган. Бу ҳақда 25 август куни ЖССТнинг расмий вакили Маргарет Харрис ўтказилган брифингда маълум қилди.

“Вақти-вақти билан бизга одамларнинг салбий тест натижаларини олганликлари, кейинчалик эса ижобий тест натижаси қайд этилганлиги тўғрисида хабарлар келиб турди. Ҳақиқатдан ҳам одамлар такрорий касалланганми ёки бу таҳлил тестлари билан юзага келган муаммо бўлганлиги ноаниқлигича қолмоқда. Бундай ҳолат 23 миллиондан биттада қайд этилган. Эҳтимол биз яна шундай ҳолатларга дуч келамиз, бироқ бу ҳолат доимий кузатилмайди”, - деди у, Гонконгда қайд этилган такрорий зарарланиш ҳолатига изоҳ бериб.

Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳолат иммунитет қандай шаклланиши, у қанча давом этиши ва вакцина қандай таъсир қилишини тушуниш учун жуда муҳим. Харрис, ЖССТ COVID-19 га қарши табиий иммунитетдан кўра, вакцина ишончли ва узоқ муддатли иммунитет ҳосил қила олишига ишонч билдираётганини алоҳида таъкидлади.