Коронавирус: мусибатми ёки марҳамат?
Бу қандай савол бўлди? Албатта, мусибат дедингиз дарров. Ҳақсиз. Мусибат бўлганда ҳам юзлаб, минглаб инсонларнинг умрига зомин бўлган, яна минг-мингини тўшакка михлаган кулфат. Дийдорлашишдан, тўй-тантана қилишдан, масжидларга боришдан мосуво қилган ва ҳаттоки, вафот этганларимиз билан видолашишга-да йўл бермаётган бало бу.
Аммо ҳар ишнинг бир ҳикмати бор, ҳар қилмишнинг оқибати, деганларидек, бу офат сабаб ҳаётимизда бўлаётган ўзгаришларга ҳам бир назар солсак.
1. Кулфат одамларни бирлаштиради, деган иборанинг натижасини кўряпмиз. Қанчадан-қанча саховатпеша ҳамюртларимиз қийналиб қолганларга ёрдам қўлини чўзишяпти. Инсоф-диёнат биринчи ўринга кўтарилди, меҳр-оқибат қайтди. Айниқса, шифокорларга нисбатан муносабат ўзгарди. "Қадрингизга етмаганимиз учун бизни кечиринг!" деган хитоблар янгради.
2. Ўтган йили Президентимиз рақамли иқтисодиётга ўтишимиз зарурлигини таъкидлагандилар. Ҳатто йилимиз ҳам шундай номланди. Бироқ қоғозбозликни хуш кўрадиганлар бунга қарши чиқишаётгандек эди. Ахир, бежирим эшиги ортида ўнлаб одамларнинг пойлаб туришини маъқул кўрадиганлар, қоғозбозлар, ахборот технологияларни тушунмаган, замондан ортда қолган “отахон” мансабдорлар учун бу жудаям хуш келмаётганди.
Буни қарангки, дарди-бало сабаб, рақамли иқтисодиётга ўз-ўзидан ўтиб кетганлигимизни билмай ҳам қолдик. Масофавий иш олиб бориш тизимига ўтдик-қўйдик. Фарзандаларимиз уйда ўтириб, телевизор ёки компьютер орқали сабоқ оляпти, корхона-ташкилотлар онлайн иш режимини ўзлаштириб олди. Ўтирган жойимиздан барча ҳужжат ишлари ҳал бўляпти. Бизнес юритиш, тадбиркорлик, савдо-сотиқ... Коррупциянинг оёғига дастлабки болталар уриляпти. Эҳ, коронавирус...
3. Афсус, минг афсус, “Давринг келди сур, бегим...” деганларни ҳам кўрдик, кўряпмиз. Вилоятларга қатнаган таксичиларимизнинг қилмишларини эслаш кифоя. Тиббий ниқоб-қўлқоплар можароси, бозор-ўчар талотўпи ҳали ёддан чиқмади. Стикер қаллобликларининг ўзи бир муаммо бўлди. Қалбаки рухсатномани ёпиштириб, камқатнов кўчаларда машинасини “мингга босганлар”, тўрттала эшигини ҳам очиб мусиқани баралла қўйган “крутойлар”ни ҳам кўрдик. Атайлаб кўчада ниқобсиз сайр қилиб юрганини кўз-кўз қилаётган ёш-ялангларга қараб, тарбия беролмаган ота-онасига “раҳмат”лар айтаяпмиз. Даюс йигитчалар, сатанг қизлар, бепарво ота-оналар, уларнинг эртаси кунги ўхшовсиз кечирим сўрашлари кўнгилларни хира қиляпти...
4. Аммо бир ҳақиқатки, ўзгаряпмиз. Юқорида эслаб ўтганларимиз гуруч орасидаги курмакдек. Ўзгарганимиз, ўзгараётганимиз эса бор гап.
Ижтимоий тармоқлардаги роликлардан бирида русийзабон бир акамиз “ўзбекона саломлашишни ўрганяпмиз”, деди қўлини кўксига қўйиб. Яна бир ўзга дин вакили тозаликни кимдан ўрганаётганлигини айтиб, таҳоратни тилга олди. Болажонлар боғчани, ўқувчилар устозларини қўмсаяпти...
5. Умримизни, ҳаётимизни доим баҳор деб ўйладик. Аммо баҳорнинг илиқ кунларидан бирида бошимизга гупиллаб қор тушди. Оппоқ қор. Ортидан армонсиз ёмғир ёғди. Совуқ гуноҳларимизни ювиш учун нақд уч кун тинмади. Ҳозирги салқин кунлар эса бизга берилган имкондек. Хулосамиз тўғри бўлса, борига қаноат, йўғига шукур қилсак, чароғон ва иссиқ кунлар, албатта, келади. Албатта!
Эркин САТТОРОВ.
Postda.uz нашридан олинди.