Коронавирус юқтириб олган болаларда "Кавасаки синдроми" аломатлари пайдо бўлаётгани тўғрими?

Ушбу саволга АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева жавоб берди:

➖“Кавасаки синдроми” генетик касаллик бўлиб, у асосан 4-5 ёшгача бўлган болаларда учрайди.

Бу жуда ҳам кам учрайдиган катта ва майда қон томирлар ўзгариши, бола организмининг тизимли ўзгариши билан кечадиган касаллик.

Бугунги кунда ривожланган давлатларда, Россия Федерацияси ва қўшни Қозоғистон давлатида ҳам бу синдромга ўхшаш ҳолатлар болаларда кузатилаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Мамлакатимизда бу касаллик учрамади, дейишимиз қийин. Балки болаларда кечган ўрта оғир турларида бу касаллик белгилари ўхшаш ҳолатлар кузатилган бўлиши эҳтимоли бор.

Бизда бу синдром учради, дейиш учун касаллик тасдиқланиши керак. Бугунги кунда бу синдромга ўхшаш ҳолатлар аниқ ўз тасдиғини топмади.  Бироқ бу бизда кузатилмайди ҳам дегани эмас.  Кавасаки синдромига ўхшаш касалликлар болаларда кузатилиши ва кўпайиши ҳам мумкин.

Бу синдромга ўхшаш касалликнинг келиб чиқишида коронавирус таъсирида бола организмида кечадиган кучли яллиғланиш унинг иммун тизимининг кучайиши, қон-томирлар ўтказувчанлигининг бузилишини келтириб чиқаради:

🔻 боланинг тана ҳарорати 5 кун ва ундан ортиқ 38 даражадан юқори бўлади;

🔻 танасида турли тошмалар тошиши кузатилади, қўллар кафти ва товонлар териси кўчиши кузатилиши мумкин.

Бола организмида кечаётган жараённи оғир ёки енгиллигига қараб бу белгилар кузатилади. 

Ота-оналар болаларда шамоллаш аломатларининг пайдо бўлиши билан поликлиникалардаги оилавий шифокор ёки педиатрга мурожаат этиши лозим.

Бу синдром юрак миокардига бўлган таъсири сабаб миокардит касаллигини келтириб чиқаради. Баъзи ҳолларда бола организмидаги кучли иммун реакция унинг ўлими сабабчиси бўлиб қолиши ҳам мумкин.