Коронавирусга чалинган вилоят ҳокимлари тузалиб, ўз иш фаолиятини давом эттиришга киришди
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва Навоий вилояти ҳокими Кобул Турсунов Тошкент шаҳрида давом этган маълум муддат даволанишдан сўнг тўлиқ соғайди ҳамда ўз фаолиятини давом эттиришга киришди.
Т.Боболов воҳадаги ишини Термиз халқаро аэропортида вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари ва бошқа мутасаддилар билан мулоқот ўтказишдан бошлади. Ўзаро мулоқотда воҳада олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, коронавирус пандемиясини жиловлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, пандемия шароитида ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда бошқа зарур масалалар хусусида атрофлича фикр алмашди.
К.Турсунов эса вилоят ҳокимлигининг масъул ходимлари – ҳоким ўринбосарлари, котибият мудирлари, гуруҳ раҳбарлари ҳамда бошқа мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказди. Йиғилишда ҳудудларда олиб борилаётган ислоҳотларни тизимли ва изчил давом эттириш ҳамда янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли орасида коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳар қандай муаммоларни оқилона бартараф этиш йўллари борасида ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.