Коронавирусга қарши эмлаш ҳақида ёлғонларга ишонманг!

Яқин кунларда барча мамлакатларда сингари Ўзбекистонда ҳам аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишлари олиб борилади. Аммо эмлаш ишлари яқинлашгани сайин ижтимоий тармоқлар, аҳоли орасида турли миш-миш ва ёлғон хабарлар тарқалиши авж олмоқда.

Вакцинага нисбатан ишончсизлик, унинг таркиби, инсон организмига турли таъсирлари каби қатор миш-мишлар бугун интернет саҳифаларида тез-тез кўзга ташланмоқда. Хўш, аслида қандай?

“COVID-19” пандемияси ва коронавирусга қарши эмлаш ҳақидаги нотўғри маълумотлар, турли миш-мишларнинг олдини олиш мақсадида ЮНИCЕФ Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигида Самарқанд ҳамда Қашқадарё вилоят оммавий ахборот воситалари вакиллари учун семинар ташкил этди. Семинарда мамлакатимизда вакцинация жараёнлари қай тарзда амалга ошиши, ушбу жараённи ёритишда журналистлар аҳамият қаратиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида сўз борди.

-  COVAX дастури доирасида Ўзбекистонга “AstraZenaca” вакцинасининг аввалига 2 640 000 донаси етказиб берилади, бутун мамлакат бўйлаб эмлашни амалга ошириш бўйича тайёргарлик ишлари эса аллақачон бошлаб юборилган, жумладан, вакцина транспортировкаси ва уларни сақлаш учун "совуқлик занжири" барпо этилди, - дейди республика санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакили Насиба Тоирова. - Эмлаш жараёнларини амалга оширишда иштирок этадиган ходимлар хавфсиз иммунизация бўйича қўшимча касбий тайёргарликдан ўтказилади. Шу жумладан, 8 минг нафар вакцинатор, 10 минг нафар умумий амалиёт ва оилавий шифокор, 296 нафар иммунолог, 694 нафар эпидемиолог, 858 нафар реаниматолог, 692 нафар инфекционист ҳамда 33 433 нафар патронаж ҳамшира тайёргарликдан ўтишни бошлади.

Биринчи навбатда мамлакатимизда 65 ёшдан ошганлар, тиббиёт ходимлари, сурункали хасталиклари бор аҳоли, таълим тизими ходимлари, Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларида коронавирусга қарши эмлаш ишлари амалга оширилади. Шундан сўнг аҳолининг барча қатлами босқичма-босқич тарзда эмланади. Айтиш керакки, айни пайтда бирламчи тиббиёт ходимлари томонидан аҳолини тўлиқ хатловдан ўтказиш ишлари давом этмоқда. Ушбу жараёнда уларнинг саломатлиги, ёши билан боғлиқ маълумотлар электрон базаси шакллантирилади. Эмланган фуқароларнинг вакцина олганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам шу базада қайд этилади.

Семинар давомида Ўзбекистон Журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренерлари Наргис Қосимова, Анора Содиқовалар томонидан ушбу мавзуни ёритишда журналистика этикаси, қоидалари ҳақида машғулот ўтилди.

Гулруҳ Мўминова.