“Кўз-кўз” қилишга шошилманг. Сиздан нажот топганлар ишнинг натижасидан кўнгли тўлсин

Гап нима ҳақида бораётганини зийрак ўқувчи дарҳол англади. Гап шундаки, бугун айрим кишилар, аниқроғи, бирор ташкилот, корхона ёки тадбиркор кимгадир кўмак берса, оғирини енгил қилса, эҳсон қилса, уни “кўз-кўз” қилиш учун турли йўлларни қидиряпти. Бу борада улар газета ё телевидениедан фойдаланишга интилаётгани ҳам бор гап.

Аслида бу мавзуда қоғоз қоралашимга ҳам шу билан боғлиқ воқеалар сабаб бўлди.

Телевидениеда ишлайдиган ҳамкасбим билан бир тадбирга борадиган бўлдик. Учрашиш учун вақт ва мўлжални белгиладик. Айтилган манзилга бориб, бироз кутиб қолдим. У йўқ. Телефон қилдим. Ҳамкасбим бир ҳолат туфайли кечиккани, бироздан кейин етиб келишини айтиб, узр сўради. Келгач, йўл-йўлакай ўша ҳолатни айтиб берди.

- Хонамдан чиқаётганимда бир ташкилот раҳбарининг ўринбосари келиб қолди, - деди у. - Бугун тушдан кейин ташкилотидан уч-тўрт киши “Саховат уйи”га бориб, қарияларга совға берар экан. “Шуни телевидениега чиқарсангиз”, деб қолди. Билсам, бераётган совғалари арзимас, оддийгина. Жаҳлим чиқди. “Уялмайсизларми, шу нарсани қалби кемтик отахону онахонларга беришга ва уни телевизор орқали ҳаммага “кўз-кўз” қилишга”, дедим. Анча тортишдик, охири “дард”ини айтди: “Ҳисобот учун керак-да!”...

Туман газетаси таҳририятида ишлаётган ҳамкасбим ҳам шунга ўхшаш воқеани айтиб қолди:

- Бир куни эрталабдан ҳокимиятга чақиришди. Бордим. “Бугун фалон маҳаллада икки нафар кам таъминланган оила болаларининг суннат тўйи бўлади. Ҳоким боради, яхши-яхши расмлар, кўпроқ интервью олинглар. Мақолани газетанинг биринчи саҳифасидан, кўпроқ расм билан беринглар”, деди ҳоким ўринбосарининг шу “иш”га масъул ходимларидан бири. “Бу эҳсонни “кўз-кўз” қилишдан нима наф? Кичик хабар қилиб берамиз, бўлди”, дедим. Гапимдан тепа сочи тикка бўлиб кетган “амалдор” билан анча суришдик. Ўша хабар у айтгандай дабдабали ҳам, мен айтгандай кичик ҳам эмас, аммо иккита сурат билан чиқди. Лекин барибир хабарда ҳокимликнинг эҳсони “кўз-кўз” қилинди, иддао бор эди. Виждоним қийналди, аммо илож қанча...

Афсуски, шундай ёки шунга ўхшаш ҳолатлар айрим ташкилот, айрим ҳокимликларда бўлиб турибди. Яъни, заррадек саховатни “кўз-кўз” қилиш “эпидемия”си жамият орасида анча тарқалди. Энди ўзингиз айтинг, эҳсоннинг расмиятчилик, хўжакўрсин учун ёки унинг “кўз-кўз” қилиниши кимга керак? Хўш, моҳият аслида нимада? Бировга қилган яхшилик, кўмакни ОАВда ёритишдан нима наф? Халқимизнинг “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин” деган доно нақли бор. Наҳотки айрим саховатпеша раҳбар ёки тадбиркорлар бу нақлни унутиб қўяяпти.

Яна бир хунук жиҳати, ҳисобот, далолатнома учун эфирга узатиш, суратга олиб газетага чоп эттириш одамларнинг орини топташ билан тенг. Аслида бунинг учун ўша кишининг розилигини олиш керак, фуқаро орияти инобатга олиниши шарт. Масалан, орадан йиллар ўтиб, 20 ёшга кирган бояги йигитга “Сенинг тўйингни ҳоким қилиб берган” қабилидаги гап оғир ботмайдими? Наҳотки, бугун ўз манфаатимиз учун қилаётган эҳсонимиз эртага бир йигит дилини вайрон қилишини ўйламасак.

Эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр ва саховат кўрсатиш катта савоб. Аммо яхшилик, кўмакни ошкора қилгандан кўра, пинҳона амалга оширганнинг савоби ўн карра, юз карра кўп. Масалан, орамизда ёрдамга муҳтож одамларга ҳеч кимга овоза қилмай ёрдам бериб келаётган саховатли инсонлар талай. Ёки аксарият закот берувчилар унинг кимга, қанча бераётганини, пул ёки маҳсулот қиймати ва манзилини ошкора қилмайди. Бу жараён шундай одоб ва лутф билан амалга ошириладики, қабул қилувчи унинг эҳсон эканлигини ҳам билмай қолади. Нега ҳамма шундай қилолмайди?

Қувонарлиси шу - Самарқандимизда саховатли инсонлар кўп, савобталаб корхона-ташкилотлар талай. Аммо кўрсатилган мурувватни ошкор қилишга барҳам бериш ўта савоб иш. Бераётган эҳсон, қилаётган яхшиликни “кўз-кўз” қилмайлик, шу кўмакдан нажот топганлар ишнинг натижасидан кўнгли тўлсин, шунинг ўзи етади.

Акрам Ҳайдаров.